Сув ҳавзаларида моторли (ички ёнув двигателли) ва электромоторли сув транспорти воситаларидан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2025 йил 1 майдан бошлаб табиий ва сунъий сув ҳавзаларида фақат тезликни автоматик пасайтириш ускунаси билан жиҳозланган (ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 километр/соатдан ошмайдиган моторли қайиқлар бундан мустасно), GPS ускунаси ўрнатилган ҳамда миллий GPS мониторинг ва навигация тизимига уланган моторли ва электромоторли сув транспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат этилади.
Бунга сув ҳавзаларида туризм хизматларини ривожлантириш, шунингдек, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва хавфлисизлигини таъминлаш ҳамда сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш, улардан оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида қарор қилинди
Сув транспорт воситаларининг рухсат этилган ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 километр/соат, кемалар тўхташ жойлари ҳамда аҳоли турар жойлари чегараларида — 20 километр/соат, пляжлар ва аҳолининг оммавий дам олиш жойлари чегараларида эса — 5 километр/соат этиб белгиланади.
2025 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар томонидан сув транспорти воситаларидан (бундан электромоторли сув транспорти воситалари мустасно) фойдаланиш натижасида атроф -муҳит ифлослантирилгани учун қуйидаги миқдорда йиллик компенсация тўловлари ундирилади:
- моторли қайиқ ва гидроцикллар учун БҲМнинг 10 баравари;
- катер учун БҲМнинг 15 баравари;
- яхталар учун БҲМнинг 25 баравари.
Моторли сув транспорти воситалари компенсация тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганидан сўнг йиллик техник кўрикдан ўтказилади. Компенсация ундиришдан тушган маблағлар Экология жамғармасига ўтказилади ва сув ҳавзалари ифлосланишини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга сарфланади.