Республиканинг энг камбағал туманлари қайси?

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ишларини янги сифат босқичига олиб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Камбағаллик 11 фоизга пасайди

Тўрт йил аввал бу борадаги ишлар бошланганида 7,5 миллион ёки 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасига етмас эди.

Шу даврда аҳолимиз 3,7 миллионга кўпайди, камбағаллик чегараси ҳам тегишли равишда 1,5 карра оширилди.

Бунга қарамасдан, 3,5 миллион одамни даромадли қилиш ҳисобига 2023 йил якуни билан камбағалликни 11 фоизга пасайтиришга эришилди.

Республиканинг 15 та туманида камбағаллик даражаси 20 фоиздан юқори

Президент камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар аҳволи ҳамма вилоят ва туманда ҳам бир хил эмаслигини кўрсатиб ўтди.

Масалан, ўтган олти ойда Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Хоразмда камбағаллик 2 фоиздан ортиқ камайган бўлса, Навоий, Сурхондарё, Фарғона ва Тошкент шаҳрида ўзгариш бўлмаган.

Республиканинг 15 та туманида камбағаллик 20 фоиздан юқори. Булар – Амударё, Беруний, Қонликўл, Нукус, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой, Гулистон, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Гурлан, Янгиариқ, Янгибозор ва Тупроққалъа.

Бу туманларда камбағалликни қисқартириш учун уч йилда 1,7 триллион сўмлик арзон кредит ва субсидия берилган бўлсада, ўзгариш бўлмаган.

Аҳолига бўлиб берилган ерлар бўйича 17 та туманда 2-3 мартадан ҳосил олиш ҳисобига камбағаллик 2 карра камайди. Булар – Пахтаобод, Балиқчи, Гурлан, Хонқа, Олтиариқ, Данғара, Конимех, Боёвут, Жомбой, Шофиркон, Ш.Рашидов, Зомин, Шаҳрисабз, Бандихон, Ўртачирчиқ, Бўка, Тахиатош туманлари.

Лекин, 14 та туман – Қонликўл, Шуманай, Қоровулбозор, Пешку, Чироқчи, Муборак, Нуробод, Оқолтин, Музработ, Бандихон, Қизириқ, Оҳангарон, Паркент, Тупроққалъада ўзгариш сезилмаяпти.

Туман ҳокимлари, уларнинг иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарларига бу борадаги фаолияти сустлиги бўйича қатъий эътироз билдирилди.