Ўзбекистонда оилавий зўравонликдан жабрланганлар аҳолининг эҳтиёжманд тоифасига киритилмоқда

fist

Маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилаётган фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилишининг олди олинади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги ахборот хизмати.

Президент томонидан имзоланган қонун билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, иш қидираётган шахсларнинг меҳнат органларига ортиқча ҳужжатлар тақдим этишига йўл қўйилмаслигини, бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун субсидиялар тақдим этиш механизми такомиллаштирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, иш берувчилар томонидан маҳаллий меҳнат органларига бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни, ходимларнинг ишдан озод этилиши ҳақидаги ахборотни ҳар ойда электрон тарзда тақдим этиш шартлари белгиланмоқда.

Бундан ташқари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг номланиши аниқлаштирилмоқда, шунингдек оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифасига киритилмоқда.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Шавкат Мирзиёев 14 август куни камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига оид тақдимотда эҳтиёжманд инсонларнинг хоҳиши ва имкониятини қўллаб-қувватлаб, ҳаётга, жамиятга олиб кириш зарурлигини айтганди.

Соҳада “ижтимоий карта” тизими жорий этилади. Бу орқали ижтимоий тўловлар ва субсидиялар, ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни тайинлаш, тақдим этиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилади. “Ижтимоий карта” бир вақтнинг ўзида ҳам тўлов воситаси, ҳам эҳтиёжманд тоифага мансублик тасдиғи ҳисобланади.

Шунингдек, давлат раҳбари 3 май куни ижтимоий хизматлар тизимини янада такомиллаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишган эди. Ўшанда давлат раҳбари ҳар бир аёл учун муносиб турмуш ва меҳнат шароитлари яратиш бўйича қўшимча кўрсатмалар берган.