Мазкур электрон рўйхатда дунёнинг турли мамлакатларида жойлашган халқаро аҳамиятга молик кўп йиллик, ноёб ва ўзига хос дарахт турлари ўрин олган.
Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, MonumentalTrees.com ушбу миллий табиий мерос объектларини жаҳон жамоатчилигига кенг танитишда ва миллий туризм салоҳиятини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.
Мамлакатимиз ҳудуди ҳам ана шундай ноёб ва тарихи узоқ асрларга бориб тақаладиган дарахтларга бой эканлиги сир эмас. Айни вақтга қадар бир қатор миллий табиий мерос объектлари MonumentalTrees.com да ўз ифодасини топди. Жиззах вилояти Фориш туманидаги шарқ биотаси (ёши салкам 1500 йил) дарахти, Самарқанд вилояти Ургут туманидаги чинор дарахти (ёши 1160 йилдан кўпроқ), Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги арча дарахти (ёши 1000 йилдан кўпроқ), ёнғоқ дарахти (ёши 800 йилдан кўпроқ) ва чинор дарахти (ёши салкам 600 йил), шунингдек, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Сайроб қишлоғидаги чинор дарахти (ёши салкам 900 йил), Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги Дорус-Саодат мемориал мажмуаси ҳудудидаги чинор дарахти (ёши 750 йилдан кўпроқ) ҳамда Жиззах вилоятида Зомин миллий табиат боғи ҳудудидаги бобоёнғоқ дарахти (ёши салкам 700 йил) шулар жумласидандир.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари сафида мазкур халқаро рўйхатда ўз табиий мерос объектларини рўйхатдан ўтказган биринчи ва МДҲ республикалари орасида учинчи давлатдир (Россия ва Озарбайжондан сўнг).