Сунъий онг аёл қиёфасига кириб, эркакдан 27 000 доллар ўмарди

Онлайн танишувлар тобора оммалашиб, янги хавф-хатарлар юзага келмоқда. Яқинда бир эркак фирибгарлик қурбони бўлди — унинг виртуал севгилиси аслида сунъий онг томонидан яратилган бот бўлиб чиқди. Бу алдов унга 27 000 долларга тушди. Бу ҳақда UniladTech хабар берди.

Сунъий онг асосидаги танишув технологиялари жадал ривожланмоқда. Кўплаб компаниялар шундай иловаларни яратиб, гуманоид роботлар реал ҳаётга кириб келмоқда. Гоҳо сунъий онг орқали муносабатлар безарар бўлиши мумкин, аммо фирибгарлар бу технологиядан одамларнинг пулини ўзлаштириш учун фойдаланмоқда.

Суҳбатдошнинг сунъий онг эканини аниқлаш имкони бор, лекин буни пайқаш тобора қийинлашяпти, айниқса, инсон ҳис-туйғу таъсирида бўлса.

Бунга мисол – бир аёл 850 000 доллар йўқотган, чунки у гўёки Брэд Питт билан мулоқот қилаётганига ишонган. Аслида эса бу сунъий онг томонидан яратилган сохта шахс бўлган.

Яқинда Хитойда ҳам шундай ҳодиса содир бўлди. Мистер Лю интернетда Мисс Цзяо билан танишди, лекин аслида бу шахс фирибгарлар гуруҳи томонидан яратилган сунъий образ бўлиб чиққан. Унга юборилган барча фото ва видеолар сохта бўлиб, аёл эркакдан касаллик учун даволанишга ва бизнес очиш баҳонасида пул сўраган. Охир-оқибат, Лю 27 000 доллардан айрилган.

Полиция маълумотларига кўра, Лю ўз «севгилиси»ни ҳеч қачон кўрмаган ва унга юборилган фотосуратлар тўлиқ сохта бўлиб чиққан. Бу эса онлайн танишувларда эҳтиёткорликка риоя қилиш зарурлигини тасдиқлайди.

Мутахассислар онлайн танишувларда эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.