Пойтахтда наркотик тарқатган “закладчик”лар ушланди

“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлари доирасида Тошкент шаҳрида катта миқдордаги гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланиб келган 2 нафар шахс фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тезкор қидирув хизмати ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Оних русумли автомобил салонидан 81 дона турли ўрамлардаги оқ рангли, ўткир ҳидли кукинсимон моддалар борлиги аниқланган ва ушбу ашёлар далиллар ҳолислар иштирокида расмийлаштирилиб олинган.

«Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг кўрсатмасига асосан, Яшнобод тумани 20-уй кўздан кечирилган вақтида хонадонида турли хил елим ўрамларга ўралган кристалсимон моддалар, электрон тарозилар, кўп миқдордаги кукинсимон моддалар борлиги аниқланган. Улар ҳам тегишли тартибда расмийлаштирилиб, баёнот асосида олинган», – дейилади хабарда.

Шунингдек, тезкор тадбирлар давомида 2 нафар гумонланувчи бундан аввал Бектемир тумани ҳудудига беркитиб қўйишга улгурган “закладка”лари топилиб, қайтариб олинган. Гумонланувчилардан олинган номалум моддалар Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси Эксперт-криминалистика маркази томонидан экспертизадан ўтказилган. Унинг хулосасига кўра, ушбу моддалар гиёҳвандлик воситалари экани тасдиқланган. Шу тариқа ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ички ишлар органлари ходимлари жами 1 килограмм 697 грамм оғирликдаги гиёҳвандлик моддаларининг тарқалишини олдини олган.

Билдиришича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши очилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.