Хонадонимиздан чиқаётган бир челак «мусор» энг оғриқли масалага айланмоқда

Қозонга яқин юрсанг қораси юқади, дейдилар. Одатда бу нақл ёмонга яқин юрмаслик, бадхулқ одамларга қўшилмаслик учун ишлатилади. Аслида эса унинг қамрови анча кенг. Хусусан, тозалик, санитария ва гигиена, умуман, экологик нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу нақл одамларни нопоклик, чиркинлик, ифлосликдан қайтариш мақсадида ҳам айтилганини кўриш қийин эмас.

Ўзидан соқит қилиш иллати

Ҳозирги кунда шаҳар ва қиш­лоқларимизда чиқинди масаласи жуда анячли муаммога айланган. Тўғри, бу масала бугун пайдо бўлгани йўқ, у ҳақда одамлар анча аввал ҳам куюниб кўп гаплар айтган. Лекин бугун, техника ва технология­лар шиддат билан билан ривожланаётган айни пайтда, Ўзбекистонда аҳоли сони йил эмас, кун сайин ортиб бораётган паллада чиқинди масаласи энг катта бош оғриқлар сафида майдонга чиқмоқда.

  • Афсус билан тан олиб айтиш керакки, экологлар, эл-юрт озодалиги жонкуярлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳар қанча бонг урмасин, биз ҳали-ҳануз бу йўналишда олға силжийдиган жўяли иш қила олганимиз йўқ.

Бу масала шу қадар чигалки, алоҳида олинган ҳар бир индивид муаммо юзага келишида ўзини беайб санайди. Яъни, алоҳида олинган ҳолатда ҳаммамиз оппоқмиз – «мен тозаликка, санитария-гигиена талабларига риоя қиламан», «мен чиқиндини фақат белгиланган жойга олиб бориб ташлайман», «мен уйимни, иш жойимни озода тутаман»… Ҳа, ҳар биримиз ўзимизга яраша озадамиз.
Унда нима учун йўлу йўлаклар, боғу хиёбонлар, каналу ариқлар, ҳатто бепоён дала четларигача турли туман чиқиндиларга дуч келяпмиз? Салгина кўздан панароқ жойдаги уюм-уюм чиқиндиларни кимлар ташлаб кетмоқда экан унда? Атроф-муҳитни тутиб кетаётган қўланса ҳидлар ана шу чиқинди тепаликларидан таралмаяптими, ахир?..
Биз ҳар бир ишда доим бошқаларни айблашга одатланиб қолганмиз. Бошқалар тарбиясиз. Бошқалар маданиятсиз. Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари, ахлат йиғиладиган пунктга қараб туришга масъул ходим, хуллас, ўзимиздан бош­қа исталган одам ё одамларни айблайверамиз.
Айбловнинг иккинчи, каттароқ қисми йирик саноат маж­муалари, ҳар хил ишлаб чиқариш корхоналарига ағдарилади – экологияга асосий зарар ўшалардан келиб чиқаётган бўлади наздимизда.
Очиқ тан олиш керак: ўзидан соқит қилиш иллати кўп нарсаларни кўзимиздан яширади. Инсон тонгда уйғонганидан кечаси ётиб уйқуга кетгунига қадар қанчадир миқдорда чиқинди ҳосил бўлишига сабабчи экани ҳақида кам ўйлаймиз. Ваҳоланки, эрталабки ювинишнинг ўзида ишлатган сувимиз – чиқинди, нонуштамиз «асоратлари» – чиқинди, кундалик иш фаолиятимиз давомида фойдаланган қоғозларимиз, ишлаб чиқаришдаги меҳнатимиз маҳсулининг «сарқитлари», еган-ичганимиз, баъзиларимизнинг чекканларимиз қолдиқлари – чиқинди, уйга қайтаётиб, болажонлар учун кўтариб келадиган нарсамизнинг ҳам қанчадир қисми – чиқинди.
Жаҳон банки маълумотларига эътибор қаратинг: дунёда йилига 2 миллиард тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Прогнозлар 2050 йилга бориб, бу миқдор 3,4 миллиардга етишини кўрсатмоқда. Шаҳарда яшовчи ҳар бир инсон йилига ўртача ярим тонна чиқинди «ишлаб чиқаради».
Ҳали бу фақат маиший чиқинди!

Дунё қайта ишлаяпти, биз-чи?

Бу муаммони ечишнинг хорижда синалган усул ва механизмлари бор. Асосийси – чиқиндини қайта ишлаш. Бу эса чиқиндини саралаш масаласига бориб тақалади. Қоғоз – қоғозга, пластмасса – пластмассага, шиша – шишага, металл – металлга, органик моддалар – органик моддаларга ва ҳоказо.
Бизда чиқинди ташланадиган жойлар анча тартибга солинди. Лекин барибир ҳали талаб даражасида эмас. Жўнроқ айтадиган бўлсак, бундай пунктларнинг хизматчилари ҳам, у ерга маиший турмуш чиқиндиларини олиб бориб ташлайдиганлар ҳам ҳали ул-бул нарсани ўрганиши керак. Маиший чиқиндиларни алоҳида қутиларга ажратган ҳолда ташлаш ҳақида кўп айтилди. Ҳатто қутилар турли рангларга бўялиб, тақдимотлар қилинди, маблағлар ажратилди. Аммо чиқиндиларни ажратиб ташлашнинг тартибию қоидасидан на аҳоли, на чиқинди йиғувчилар хабардор. Картошканинг пўчоғидан тортиб, лампочка синиғигача бўлган аралаш масса ҳалиям битта идишга прессланишда давом этяпти.
Мана, Европада бу масала билан ўтган асрнинг 80-йилларидан жиддий шуғулланишга киришилган. Масалан, Германияда маиший чиқиндиларнинг 70 фоизи қайта ишланади. Японияда эса бу кўрсаткич нақд 90 фоизга тенг. Бу давлатларда иккиламчи қайта ишлаш саноати ўнлаб миллиард доллар молия воситалари айланмасига эга бўлган катта бизнесга айланиб улгурган. Хитой импортида четдан келтирилаётган чиқинди ҳажми ошиб бораётгани шундан. Саралаш амалиётини қўллайдиган фуқаролар учун алоҳида имтиёзлар жорий қилинган. 

  • Биз-чи?! Ҳали-ҳамон чиқиндини полигонга олиб бориб ташлаймиз. У ердан неча йиллар давомида қўланса ҳид таралиб туради. Кейин кўмиб қўя қоламиз, холос. Тўғри, айрим иккиламчи хомашё турларини қайта ишлаш йўлга қўйилган. Лекин умуман айтганда, манзара шундай.

Бизда чиқиндиларни қайта ишлаш, қолганини зарарсизлантириш борасида аниқ чора-тадбирлар, ҳаётий зарур механизмлар ҳали-ҳануз ишлаб чиқилмаган. Бу эса атроф муҳитга, инсонлар саломатлигига, санитария-гигиена ҳолатига, умумий экологик вазиятга катта салбий таъсир кўрсатувчи ўта хавфли омилдир.

Полигонлар инфекция ўчоқлари ҳам саналади. Шамол, сув у ерда гуркираган вирусларни осонлик билан бошқа жойларга тарқатади. Бунинг ҳам хавфи оз эмас.
Айтилганидек, бу – ҳали маиший чиқинди. Ваҳоланки, ишлаб чиқариш чиқиндилари ҳам бор. Уларни ҳеч ким, таъбир жоиз бўлса, бекор қилгани йўқ – дунёда ишлаб чиқариш борки, қолдиғи, чиқиндиси бўлади. 0 фоизлилар кам. Ҳа, бугунги ҳаётни саноат маҳсулотларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Лекин уларнинг зарарини ўйлаб кўрмаймиз. Масалан, ҳаммамиз ишлатадиган оддий батарейкани оладиган бўлсак, фойдаланиб бўлгандан ке­йин уни махсус утилизация қилиш керак бўлади. Акс ҳолда, шунчаки табиатга ирғитилган битта батарейка 30 квадрат метр ер майдонини заҳарлайди.
Бугунги илғор тараққиёт замонида ишлаб чиқариш соҳаси ҳаммага керак. Лекин буни табиатга зарар етказиш эвазига амалга ошириш ғирт нотўғри эканини бутун инсоният жон-тани билан ҳис қиляпти. Завод-фабрикалардан қолдиқларнинг сувларга оқизилиши, рудаларнинг тоғларга айланган уюмлари, нефть-газ конларининг рельеф, ҳаво, дарё, денгиз ва океанларга салбий таъсири, ўрмонларга қирон келтирилиши, радиоактив ва токсик моддалар тарқалиши, охирини ўйламай амалга оширилаётган кимёвий ва биологик ишланмалар – буларнинг барчаси башариятга, сайёрамизга қанча зарар келтираётгани ҳали тўлиқ ҳисоблаб чиқилган эмас. Чунки, қамров ниҳоятда катта бўлиб, кўп меҳнат талаб қилади. Қолаверса, йирик саноат корхоналари, трансмиллий корпорациялар бундай ҳисоб-китоб­лар амалга оширилишидан (айби очилишидан) кўп ҳам манфаатдор эмас. Зарар эса йил сайин кўпаймоқда ва келажакда бизни қандай оқибатлар кутаётганини тасаввур қилишнинг ўзи қўрқинчли.
Хуллас, инсоният ўзини ўзи халос қилмаса, алалоқибат ўзини ўзи ҳалокатга олиб боради. Полиэтилен пакетлар оммалашмасдан аввал Ўзбекистонда яхши одат бор эди – қоғоз пакетлар ишлатиларди. Қоғоз табиатда осон парчаланади. Далага ташласангиз, кўп ўтмай ўғитга айланади. Энди ҳамма ёқни пластик эгаллади. У эса камида 500 йилда парчаланади. Қиёсий таҳлил ўзингизга ҳавола. Хулоса шуки, ривожланган давлатлар яна қоғоз пакетга қайтяпти ва бу бизни сергаклантириши, саъй-ҳаракатларга ундаши керак.

Қонунчиликдаги камчилик

– 2002 йилда қабул қилинган «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонун бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермай қолди,дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Турганбай ХОЖАНАЗАРОВ.Шуни инобатга олиб, ҳозир янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокамага қў­йилган. У кучга кирса, чиқиндилар билан боғлиқ бир қанча муаммолар ҳал этилиши мумкин.

Бутун дунёда кутилмаган глобал хатар – пандемия шароитида чиқиндиларнинг янги тури пайдо бўлди. Бу, албатта, уни қандай зарарсизлантириш юзасидан қонунчиликда тегишли моддалар бўлишини тақозо этади.

Эътибор берсангиз, кўп давлатларда чиқинди полигонлари деярли йўқ. Биз мана шу масалага алоҳида эътибор қилишимиз зарур. Чиқиндиларни аввал маҳаллий чиқинди пунктларига, у ердан махсус транспортда полигонларга олиб бориб, кейин саралаш-ажратиш ишига ўтилади. Бу бир неча баробар кўп меҳнат ва маблағ талаб қилади. Бунинг ўрнига биринчи пунктнинг ўзидаёқ қайта ишлаш мумкин бўлган қисми ажратиб олиниб, қолгани махсус жойларда зарарсизлантирилса, чиқинди полигони шаклидаги экологик ноқулай муҳит ҳам ўз-ўзидан бартараф этилган бўларди.

Яна бир муҳим масала – чиқиндиларни аҳоли пунктларидан йиғиб олиш ишлари барча ҳудудларда намунали тарзда йўлга қўйилган, дея олмаймиз. Бунга хусусий секторни кенгроқ жалб қилиш, уларни қонуний имтиёзлардан унумли фойдаланган ҳолда фаолият юритишга тарғиб қилиб бориш зарур. Мавжуд кластерлар ва давлат унитар корхоналари билан бу ишни кўнгилдагидек амалга ошириш анча қийин.


Депутат тўғри айтяпти. Полигонлар масаласи жуда муҳим, ечими кечиктирилмас муаммога айланган. Ҳозир юртимиздаги 235 полигондан йилига атмосферага 3,3 миллион тонна иссиқхона газлари ташланмоқда. Улар ерости сувлари ва тупроқни ҳам ифлосламоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, санитар тозалаш корхоналарининг полигонларни қамраш кўрсаткичини 100 фоизга етказиш учун 2022 йилда 300 та махсус техника воситаси жалб қилиш, 2025 йилгача 95 та чиқиндини қайта юклаш кўчма станция­си ташкил этиш, қайта юклаш станцияларини 420 та махсус техника воситаси ва 520 та контейнер билан таъминлаш, 2028 йилгача 167 та полигонни ёпиш ва рекультивация қилиш зарур.

Экопартия нима таклиф этмоқда?


Атроф муҳитнинг бош ҳимоячиси бўлишни мақсад қилган Ўзбекистон Экологик партияси чиқиндилар зарарини бартараф этиш мақсадида бир қатор аниқ таклифларни илгари сурмоқда.
Аввало, «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунни янгилаш, бугунги кун нуқтаи назаридан мукаммал адаптация қилиш лозим. Шу билан бирга, юртимизда ишлаб чиқариладиган айрим товарлар ва қадоқлаш воситаларига экологик йиғим жорий этиш юзасидан тегишли меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш керак. Яъни, бирор корхона фаолияти табиатга зарар етказяптими, демак, у компенсация тўлаши керак.
Шу билан бирга, полигонларни имкон қадар оптималлаштириш зарур. Бу ишга ҳатто халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитларини, хорижнинг илғор мутахассисларини жалб қилишдан ҳам чекинмаслик керак.
Қолаверса, аҳоли орасида чиқиндини саралашнинг аҳамияти тўғрисида тушунтириш, тарғибот ишларини бошлаш ва фаоллаштириш лозим. Чиқинди қутиларига «қоғоз», «пластмасса», «биомаҳсулот» каби ёзувларни трафарет қилиб тушириш билан иш битмайди. Одамлар онгли равишда чиқиндиларни саралашига эришиш керак. «Менталитетимиз шундай» деган баҳона гапни энди унутмасак бўлмайди. Ҳамма нарсага менталитетни пеш қилавериб, шу аҳволга келдик. Оммавий ахборот воситалари ҳам бу борада тинмай бонг уриши лозим.
Хорижий тажриба ҳам жуда асқотади. Масалан, айрим давлатларда сараланган чиқинди учун тарифларни камайтириш амалиёти йўлга қўйилган. Ёки сараланмаган чиқинди учун қўшимча тарифлар жорий қилинган. Баъзи мамлакатларда қайсидир тоифадаги чиқиндилар учун алоҳида тарифлар мавжуд. Биз ҳам сараланган пунктларда шундай қилсак, айрим ҳамюртларимиз жилла қурса пул тежаш учун ҳам чиқиндини саралашга ўтармиди?
Албатта, бунда давлатнинг катта иштироки керак бўлади. Экологик хавфларни баҳолаш, чиқиндилар сараланиши назоратини йўлга қўйиш, қайта ишлашни ташкил қилиш, транспорт ва логистика масалаларини ҳал этиш, ҳамма масалаларни қамраган мукаммал механизм яратиш, кенг кўламда тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш учун давлат аралашуви ниҳоятда зарур. «Чиқинди ислоҳотлари»га шаҳд билан киришиб, бошқа соҳаларда бўлгани каби бу йўналишда ҳам «Намунали маҳалла», «Энг тоза ҳудуд», «Намунали қайта ишловчи корхона» сингари танловлар ўтказиш ҳам фақат ва фақат фойда бериши мумкин.
Саноат корхоналарига келсак, бу борада ишга жарима солиш эмас, балки илғор хорижий тажрибага асосланган ва кўп жиҳатдан ўзини оқлаган рағбатлантириш нуқтаи назаридан ёндашсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Яъни, зарарли маҳсулот чиқаргани учун жарима солиш ўрнига, безарари учун қандайдир имтиёзлар беришдан кўпроқ натижа олиш мумкин. Чунки, қуруқ жарима билан табиатга етказилган зарарни қоплаб бўлмайди. Бу – аниқ! Саноат корхоналари орасида ҳам «Чиқиндиси 0 фоизли завод», «Чиқиндиси энг минимал фабрика» танловларини мунтазам равишда ташкил этиш фойдадан холи бўлмайди. Ҳозир аҳвол шундайки, саноат корхоналарида йилига ўртача 109 миллион тонна чиқинди ҳосил бўляпти ва унинг атиги 6,5 миллион тоннаси, яъни 6 фоизи қайта ишланяпти, холос. 
Мухтасар айтганда, ҳамюртларимиз онгида «чиқинди ислоҳотлари»нинг амалий аҳамияти, уларнинг атроф муҳитга, инсонлар саломатлигига, иқтисодиётимиз ва жамиятимизга реал таъсири тўғрисида аниқ-тиниқ тасаввур ҳосил қилмоқ бугун ҳар қачонгидан ҳам зарур вазифага айланяпти. Бу ишни ўзимиз қилмасак, четдан кимдир келиб, қилиб бермаслигини барчамиз чуқур англаб етишимиз лозим. Яъни, ҳаммаси – ўз қўлимизда ва қанча олдин ҳаракатга киришсак, шунча яхши бўлади.
Чиқиндини экологик муаммо эмас, экологик маданият белгисига, экологик бизнесга айлантириш фурсати етди.

Мадина МАШРАБХОН

Leave a comment

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *