Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати хабарига кўра, вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йил II чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисмидан вилоят ҳокимлиги бир дона Malibu ва Tracker хизмат автомобилларини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 610 миллион сўм ажратилган. Тошкент вилояти ҳокимининг тегишли фармойиши 26 августда қабул қилинган.
«Бугунги кунда кунда Тошкент вилояти ҳокимлиги учун Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида 18 та хизмат автотранспортлари ажратилган. Вилоят нисбатан катта ва унинг салмоқли қисми тоғли ҳудудлардан иборат бўлгани учун мавжуд автотранспорт воситаларининг 5 таси муддатидан олдин техник носоз ҳолга келган. Уларнинг хизматга яроқсизлиги бўйича тегишли тартибда далолатномалар тузилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, вилоят ҳокими ўринбосарларининг иш фаолияти самарадорлигини ошириш, бевосита ҳудудларга чиқиш билан боғлиқ ишларни унумли ташкиллаштириш мақсадида, 369 миллион сўмлик 1 дона “Chevrolet Malibu” ҳамда 232 миллион сўмлик 1 дона “Tracker” харид қилиш бўйича 6 сентябрь куни тегишли шартномалар имзоланди” – дейилади муносабатда.