Туркманистоннинг 2160-сонли ҳарбий қисм чегарачилари 4 сентябрь куни Хўжамбаз-Толимаржон участкасида туркман-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтмоқчи бўлган икки кишини қўлга олди. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб, «Хроника Туркменистана» хабар берди.
Қайд этилишича, 1999 ва 2001 йилларда туғилган икки йигит Туркманистоннинг Туркманобод ҳамда Керки шаҳарларида туғилган фуқаролар бўлиб чиқди. Улар Ўзбекистоннинг Қарши шаҳрида ўқишни тамомлаган ва узоқ вақт давомида ватанига қайтолмаган. Чунки коронавирус пандемияси туфайли Туркманистон чегараларини ҳатто ўз фуқаролари учун ҳам ёпиб қўйган.
21 август куни туркманободлик йигит оиласидан отаси касал ва оғир аҳволда экани ҳақида хабар олган. У ватанига қайтиш учун ёрдам сўраб Туркманистон элчихонасига уч марта мурожаат қилган, бироқ дипломатик миссия ходимлари ҳеч қандай ёрдам бера олмаган. 29 август куни йигитнинг отаси вафот этган. Шундан сўнг Туркманобод фуқароси керкилик дўсти билан биргаликда чегарани ноқонуний кесиб ўтишга қарор қилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳибсга олинган шахслар Керки шаҳридаги вақтинчалик изоляторда сақланмоқда. Улар чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда.
Июль ойида Туркманистон чегарачилари Ўзбекистондан қайтаётган туркман талабаларини мамлакатга киритмагани ҳақида хабар берилганди.
16 июль куни Бухородан бир гуруҳ талабалар Туркманистонга мустақил равишда қайтишга ҳаракат қилган. Олти нафар қиз ва икки йигит Ўзбекистоннинг Олот чегара постидан ҳеч бир тўсиқсиз пиёда ўтган. Аммо Фороб чегара пунктидаги туркман чегарачилари ва Миграция хизмати офицери уларга Туркманистонга киришга рухсат бермаган.
Ишонтиришлар, паспортлар, битирув дипломлари ва инсофга чақиришлар ёрдам бермаган. Ёшлар орқага қайтишга мажбур бўлган. Худди шу куни умидсизликка тушган қизлардан бири ўз жонига қасд қилишга уринган. Дўстлари уни қутқаришга муваффақ бўлган.
Таъкидлаш жоизки, Туркманистондаги молиявий инқироз туфайли талабаларнинг ота-оналарида ўз фарзандларига пул юбориш имконияти ҳам қолмаган. Туркманистонлик талабаларнинг маълум қилишича, уларнинг кўпчилиги кафеларда официантлик қилиш, идиш-товоқ ювиш, овқат етказиб бериш ёки бозорларда товар сотиш билан шуғулланмоқда.