Давлат божхона қўмитасининг “Тошкент-Aэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари пойтахтимиз аэропортида тилла тақинчоқларни яширинча олиб киришнинг ғайриоддий усулни фош қилишди.
“Инстанбул-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган йўловчилардан бири божхонадан “яшил” йўлак орқали ҳаракатланар экан, унинг безовталаниши божхона ходимларининг диққатини тортди.
Шундан сўнг, унга тегишли багаж белгиланган назорат-рентген ускунаси орқали кўздан кечирилганда, багаждаги шарбат тайёрлаш қурилмасининг тасвири экранда шубҳали акс этди.
Қарангки, қурилманинг темир асосли таг қисми махсус ускуна ёрдамида кесиб очиб кўрилганида, унинг ичига жами 799 гр. оғирликдаги қимматбаҳо тилла тақинчоқлар яширилганлиги фош бўлди.
Шу тариқа қонунбузар шахснинг божхона ходимларининг кўзини шамғалат қилиб, қиймати 320 млн. сўмлик заргарлик буюмларини олиб кириш режаси наф бермади.
Тошкент халқаро аеропортида аниқланган навбатдаги ҳолатда Истанбулга парвози олдидан яна бир йўловчининг қинғир қилмиши фош қилинди.
Божхонадан яшил йўлак орқали ҳаракатланган ушбу шахс чўнтагидаги 1 дона тилла соатни божхона назоратига тақдим қилмаган ҳолда олиб чиқаётган вақтида тўхтатиб қолинди. Қаранг-ки, тилла соатнинг ичига 1 дона тилла қуйма бўлаги ҳам яширилган экан.
Мазкур тилла соат ва тилла қуйманинг умумий оғирлиги 133.4 грни, қиймати эса 25 млн. сўмни ташкил қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Тошкент-Aеро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан аниқланган 156 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 5,7 млрд. сўмлик салкам 30 кг. оғирликдаги тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.