Кушербаев: «Укам Вали, мана сенга объект, қуравер, уч ойдан кейин тендерда сени ғолиб қиламиз»

Депутат Расул Кушербаев ўз телеграм каналида Самарқанддаги ноқонуний қурилиш тендерлари ҳақида ўз фикрини билдирди.

«Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат харидлари соҳасидаги ишларни ўрганиш мақсадида Самарқанд вилоятида бюджет буюртмачилари томонидан «dxarid.uz» ва «tender.mc.uz» ахборот порталида жойлаштирилган эълонлар билан қизиқибди.

Натижа вилоятда давлат харидларини амалга оширишда 18 та ҳолатда қиймати 50 млрд. сўмлик қонунбузилишлар содир этилганлигини кўрсатган.

Бунда энг катта ҳисса Самарқанд вилояти ҳокимлигига қарашли Инжиниринг компанияси буюртмачилигида қиймати 42 млрд. сўмлик 9 та тендер ғолиблари белгиланмасдан туриб, қурилиш ишлари бошлаб юборилганлигига тўғри келмоқда.

Оддий айтганда «Укам Вали, мана сенга объект, қуравер, уч ойдан кейин тендерда сени ғолиб қиламиз», дегандек бўлган.

Масалан, Каттақўрғон шаҳар солиқ инспекцияси биноси қурилиши бўйича қиймати 5,5 млрд. сўмлик, умумий қиймати 37 млрд. сўм бўлган Ургут туманидаги 22, 57, 61, 93-сонли, Иштихон туманидаги 8, 41-сонли, Каттақўрғон туманидаги 54-сонли, Самарқанд шаҳардаги 43-сонли мактаб биноларини қуриш ва таъмирлаш ишлари бўйича тендер ғолиблари белгиланмасдан туриб, объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.

Самарқанд вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан мебель ва тиббиёт ускуналарини харид қилиш бўйича жами қиймати 5,5 млрд. сўмлик 5 та танлов эълонларининг 4 та лот бўйича ғолиб бўлган жамиятлар, яъни «Sam Med Torg», «Samarkand Eko Med», «Gamma Med», «Samarqand Ideal Pharm» МЧЖларнинг таъсисчилари ўзаро қариндош бўлишган.

Жомбой тумани ҳокимлиги маъмурий биносини қуриш, таъмирлаш бўйича қиймати 400 млн. сўмлик танлов ғолиблари аниқланмасдан туриб, қурилиш ишлари якунланган.

Тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилибди.

Юқоридаги ҳолатлардан Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари ўзларининг чўнтак фирмаларига давлат маблағларини ўтказишга ҳаракат қилишган, деган фикр пайдо бўлмоқда.

Мазкур ҳолатлар бўйича прокуратура вазиятни холис ўрганиб, қонуний баҳо беришига умид қиламиз», дейди депутат ўз хабарида.

Leave a comment

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *