Бугун интернет тармоғида «Халқ сўзи» газетаси мухбири, таниқли журналист, моҳир ижодкор Саиджон Махсумов 35 ёшида автоҳалокат ҳодисаси оқибатида вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Орадан бироз вақт ўтиб, ЙТҲ тафсилотлари маълум қилинди. Унда айтилишича, содир бўлган воқеа натижасида яна 3 нафар йўловчи вафот этган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Тупроққалъа тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида қўшимча маълумот ҳам эълон қилинди.
Aммо журналист Нукусда бўлиб ўтган ИИ Халқаро бахши фестивал-танловининг ёритилишида қатнашган, давлат миқёсидаги тадбирдан келаётган бўлса, нега унда расмийлар ҳамон жим ўтиришибди?
Журналистлар ҳимоячиси бўлган Журналистлар уюшмаси, AОКA ҳам жим? Уларга бирор ким «бўлди, ёзавер» дейиши керакми, кейин улар бирор сўз ёзиб, оммага тақдим қилишадими?
Оммавий тадбир бошланишида, ура-урачиликка биринчи ўринга туриб олган ташкилотларнинг бу пайтда “писиб” ўтириши ҳеч қандай меъёрларга тўғри келмайди. Улар биринчилардан бўлиб бу ҳақида хабар беришлари, бошқа журналистларни огоҳликка чақиришлари керак эмасмиди?
Сўзимизни шу ерда тухтатиб турамиз, зеро ҳали айтар сўзимиз кўп. Энди гал масъулларга.