ИИВ ЙҲҲХББ Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида содир бўлган аянчли ЙТҲ ҳақида маълумот берди.
Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 19 сентябрь куни соат 23:35 ларда, Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани, Саримой қишлоғи ҳудудидан ўтган А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлининг 493-километрида, ҳайдовчи, 1996 йилда туғилган A.M. бошқарувидаги «Тасума» русумли ҳамда ҳайдовчи, 1970 йилда туғилган B.M. бошқарувида бўлган «Исузу» русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган.
Натижада, «Тасума» русумли автомобиль ҳайдовчиси A.M. ҳодиса жойида, ушбу автомобиль йўловчилари С.M. шифохонага олиб кетилаётганда, Р.Ж. ва А.Қ.lar шифохонада вафот этган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Тупроққалъа тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввал Халқ сўзи газетаси мухбири Саид Махсумов ҳам мазкур ЙТҲда вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.