Интернет тармоғида аҳолининг турмуши билан боғлиқ барча муҳокамаларда гўшт, уни нархи мавзуси албатта кўтарилади. Табиийки гўштни нархи ошиши ҳеч кимга ёқмайди. Нархни тушуриш эса осон бўладиган иш эмас. Сунъий равишда тушурилгани бу вақтинчалик ҳолат. Ҳаммаси табиий, бозор иқтисодиёти талабларига риоя қилинган ҳолда бўлиши керак.
Бу ҳолатни эса ҳукумат яхши ҳис қилиб турибди. Шунинг учун ҳам гўшт нархини кўтарилиб кетишига таъсир қилаётган омилларни бартараф этишга уринмоқда.
Масалан, Давлат раҳбари томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030-йилларга мўлжалланган стратегиясида ҳар бир ҳудудда чорва молларини сунъий уруғлантириш пунктларини ташкил этиш, 2025 йилга қадар 60 фоиз чорва молларининг наслини яхшилаш чора-тадбирлари белгиланган.
Келгусида чет эл давлатларидан қорамол импорт қилиш ҳажмини қисқартириб, ўзимизда парваришланаётган зотли моллар “плем ядроси”ни яратиш, яъни зотли, маҳсулдор қорамолларни маҳаллий шароитда кўпайтириб, Ўзбекистонни чорва соҳаси бўйича импортёр давлатдан экспортёр мамлакатга айлантириш режалаштирилмоқда.
Яна бир муҳим ҳолат. Президентни сайловолди дастурида ҳам чорваликни ривожлантиришга эътибор қаратилган. Унга кўра,
Чорвачиликда озуқа экинлари майдони 340 минг гектардан 700 минг гектарга етказилади.
11 миллион гектар яйловларни қайта тиклаш ва ҳосилдорлигини кўтариш чоралари кўрилади.
Шунинг эвазига, келгуси беш йилда гўшт, сут, тухум ва балиқ етиштириш ҳажмларини 1,5-2 баробарга кўпайтириш, озуқа базасини кенгайтириш бўйича ҳам, алоҳида дастурлар амалга оширилади.
Бир сўз билан айтганда, амалга оширилаётган бу ишларнинг замирида гўшт нархини тушуриш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш каби мақсадлар мужассамдир.