Афтоҳалокатлар кундан-кунга кўпаймоқда. Ёш-ёш йигитлар, оила бошлиқлари, ўғлонлар, машина минмаган пиёдалар – мактаб ўқувчилари, кексалар, ҳомиладор аёллар автоҳалокат туфайли ўлиб кетмоқда.
Мен эса халқимизнинг янги қирраларини кашф қилаяпман. Бизнинг миллат ҳеч қачон хатосидан хулоса чиқармайдиган, безбет. Хатолардан хулоса чиқармаслик – бу фожиа. Одам хатосидан хулоса чиқармаслиги бу ҳеч қачон ўнгланмаслигидан дарак беради. Демак, биз машина ҳайдаш борасида ўнгланмаймиз. Бундай машина ҳайдашимиз орқали яна қанчадан қанча одамнинг бошини еймиз, ўзимизникини ҳам.
Бу мен билан ҳеч қачон содир бўлмайди деб ўйлашимиз бизнинг энг катта тубанлигимиз. Бундан олти ойлар олдин автоҳалокат содир бўлганини ўқибми эшитибми «мен билан бундай бўлмайди», деб ўйлаган ҳайдовчи ўтган куни ўзи авария содир этган бўлиши мумкин.
Хатоларидан хулоса чиқармайдиганлар ҳеч қачон ХАТОЛАРИДАН қутулмайдиган одамлардир.
Ҳайдовчилар шу даражада тоқатсиз, шу даражада шошқалоқки бу муҳитда ЯХШИ ҲАЙДОВЧИ бўлишнинг имкони йўқ. Шу қадар босим устида ўтиришингиз керакки билмайсиз қайси машина қаерда сизни қисиб ўтиб кетишини, қаердан олдингиздан чиқиб қолиши, қаерда олдиндаги машина кетаётган жойида таққа тўхтаб йўловчи олиши ёки туширишини. Сиз ана шу ноқулайликларга тайёр туришингиз, бостириб келаётган катта тезликдаги катта машинага чап беришингиз, чап бераётганда олдингиздаги ёки ёнингиздаги машинага урилиб кетмасликни ҳам эплашингиз керак. Ўзбекистонда бошқача ҳайдаб бўлмайди машинани, Ўзбекистонда тартибли ҳайдовчи бўлишнинг умуман иложи йўқ. Чунки МАДАНИЯТ йўқ…
Йўлларни носозликда айблаймиз, текис йўлда баттар қутурасиз… Йўл текис бўлгани учун ундан ҳам баттар газни босаётган ҳайдовчиларни кўриб шу таъмирсиз йўл бўлгани яхши, одамлар секин ҳайдайди ҳар ҳолда деб ўйлаб қоласан одам. Бу мен билан ҳеч қачон содир бўлмайди деб ўйлайсиз, унутманг, кеча, бугун, ўтган куни йўл ҳаракатидан вафот этган одамлар ҳам худди шундай ўйлаган. Саратон касаллиги, ковид ҳам бу қадар, йўлдаги фалокатлардай қўрқинчли бўлмай қолди очиғи. Жонини, умрини, ҳаётини қадрламайдиган таваккалчи, шошқалоқ эканмиз. Эссиз бизга берилган умр…
Барно Султонова