Ижтимоий тармоқларда «Айни дамда янги ТошМИда бино ёнмоқда» сарлавҳаси остида тарқалган хабар юзасидан маълумот берилди.
Бугун, 22 сентябр куни соат 12:58 да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Олмазор тумани Фаробий кўчаси 418-уйда жойлашган 2 қаватли Миллий таомлар ошхонасига мўлжалланган бинода ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Хабарга кўра, 4 та ёнғин-ўчириш экипажлари соат 13:01 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 13:22 да қуршаб олинган ва соат 13:34 да тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида бинонинг 150 кв.м майдонда ички ва том қисми ёниб зарарланган. Тезкор ҳаракатлар натижасида бинонинг 300 кв.м майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби аниқланмоқда.