Шимолий Корея Жанубий Корея билан уруш тугаганини эълон қилишга ҳали эрта деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Шимолий Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари Ли Тхе Сон маълум қилди — дея ёзмоқда ‘Daryo.uz’.
«Асл вазият урушни тугатиш тўғрисидаги декларацияни қабул қилишга эрта эканини исботламоқда», — деди ташқи ишлар вазири ўринбосари.
Ли Тхе Сон урушнинг расмий якунланиши Корея яриморолида тинчлик ўрнатиш учун муҳим босқич эканини таъкидлади. Аммо Пхеньян яқинда АҚШ ва Австралия ўртасида тузилган сувости кемалари ҳақидаги келишувни ҳушёрлик билан кузатмоқда, дея давом этди у.
Бундан ташқари, Ли Тхе Соннинг айтишича, Шимолий Корея шу йилнинг февраль ва август ойларида ўтказилган қитъалараро Minuteman-3 баллистик ракетасининг синовидан, шунингдек, АҚШнинг Япония ва Жанубий Корея билан миллиардлаб долларлик ҳарбий техника етказиб бериш бўйича шартномалар тузганидан хавотирда. Ушбу қуроллар КХДРга таҳдид солишига вазирликнинг ишончи комил.
«Уруш тугаганини шунчаки эълон қилиш КХДРга нисбатан душманлик сиёсатидан воз кечишга олиб келишига ҳеч қандай кафолат йўқ», — деди у.
Аввалроқ Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқида Корея уруши тугаганини эълон қилишни таклиф қилганди. Унинг фикрича, Хитой ва АҚШ шартнома тузилишига ёрдам бериши керак. Вашингтон бу масалани ўрганиш устида иш бошлаганини айтди.
Кейинроқ Корея Меҳнат партияси марказий қўмитаси бўлим мудири ўринбосари, Шимолий Корея раҳбарининг синглиси Ким Е Чжон Пхеньян Сеул билан Кореялараро урушнинг расман тугагани тўғрисида конструктив мулоқотга тайёр эканини айтди.
КХДР марказий телеграф агентлиги томонидан чоп этилган мақолада у Жанубий Корея президенти Мун Чже Иннинг 1950-53 йиллардаги Корея уруши тугаганини эълон қилиш ҳақидаги сўнгги таклифини «қизиқарли ва яхши ғоя» деб билишини айтди.
«Жанубий Корея душманлик қилмаса, бизга нисбатан иғво қўзғатмаса, қўш стандартлар билан ўжарлик кўрсатмаса, ҳаммадан ва ҳамма нарсадан айб қидиришини ўтмишда қолдирса, буёғига ҳар бир сўзи ва ҳаракати ҳақида олдиндан ўйласа, биз доимий яқин мулоқотда Кореялараро алоқаларни тиклаш ва ривожлантириш истиқболларини конструктив муҳокама қилишга тайёрмиз», — деди Ким Ё Чжон.
Икки Корея уруши уч йилдан кўпроқ давом этган — 1950 йил июнь ойининг охиридан 1953 йил июль ойининг охиригача, лекин тинчлик шартномаси ҳали расман имзоланмаган, мамлакат 53 та параллел бўйича Шимолий ва Жанубий Кореяга бўлинган. Унда КХДР томонидан СССР ва Хитой иштирок этган, Жанубий Кореяга АҚШ, Буюк Британия, Франция, Голландия ва бошқа Ғарб давлатлари ёрдам берган.