Ҳукумат қарори (605-сон, 24.09.2021 й.) билан Давлат олий таълим муассасаларининг ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
Низомга кўра, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларнинг ойлик ижара тўлови бир қисмини қоплаб бериш давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномасига мувофиқ ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган ариза берувчиларга нисбатан татбиқ этилади.
Рўйхатга олинган доимий яшаш жойи доирасида (туман, шаҳар миқёсида) ариза берувчиларга ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш амалга оширилмайди.
Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаган ҳолатларда уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлишлари шарт.
Мазкур тартиб давлат ОТМнинг фақат кундузги таълим шаклида ўқиб, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларига нисбатан татбиқ этилади.
Бунда ариза берувчи тегишли маълумот ёки ҳужжатларни ўзи таълим олаётган факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўлими декан ўринбосари ёки ОТМнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига топширади.
Масъуллар 1 ҳафта давомида ариза берувчи маълумотларининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини ўрганади.
Сўнг маълумотларни умумлаштириб, кўриб чиқиш ва хулоса бериш учун навбатдаги ҳафтанинг биринчи кунида талабгорларни танлаб олиш комиссиясига тақдим этади.
Комиссия бир иш кунида талабгорлар тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқиб, қарор қабул қилади.
Шунга кўра, давлат ОТМ ректори (филиал директори)нинг буйруғи расмийлаштирилиб, аризалари қаноатлантирилган талабгорлар тўғрисидаги тегишли маълумотлар ва уларнинг рўйхати тўловларни амалга ошириш учун бухгалтерияга тақдим этилади.
Аризаси ижобий ҳал этилган талабалар учун ижара тўловининг бир қисми Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан улар ариза берган санадан бошлаб қоплаб берилади.
Ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш:
➖ ўқув йили давомида (ҳар йили 1 сентябрдан 1 июлгача) ёки ўқитиш дастури бўйича ўқув йилининг давомийлигига қараб белгиланади;
➖ ариза берувчи томонидан ҳар ойнинг 7-санасигача аризалар масъулларга тақдим этилганидан сўнг амалга оширилади.
Ушбу муддатлар тугагандан кейин берилган аризалар кўриб чиқилмайди.
Эслатиб ўтамиз, ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 1 баравари, қолган ҳудудларда – БҲМнинг 0,5 бараваридан ошмаслиги лозим.