Самарқандда 13 нафар фуқаро хонадонида табиий газ йўқлигидан норози бўлиб, йўлнинг қатнов қисмига чиқиб, тўсиб қўйгани учун уларга суд ҳукми ўқилибди. Икки нафарига қамоқ жазоси, 11 нафарига эса жарима жазоси тайинланибди.
Нима ҳам дердик. Яшасин дунёдаги энг одил суд!..
Маълум қилинишича, улар яшайдиган маҳалла 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида табиий газ тармоғидан узилиб, суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланиши йўлга қўйилган.
Охирги маротаба маҳаллага 29 июль куни суюлтирилган газ баллонлари тарқатилган.
Биз қандай замонда яшаяпмиз ўзи? Ахир инсон ўз ҳаққини сўраб чиқса, уни жаримага тортишса, қамоққа тиқишса? Бу нима деган гап? Янги Ўзбекистонда янгича яшаймиз дейилган гаплар ҳаммаси чўпчак бўлиб чиқдими?
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида электр таъминотидан норози бўлиб, 50 дан ошиқ фуқаро «Афросиёб» поезди йўлини тўсишган эди. Уларнинг 13 нафари эса судга чақирилгани ҳақида маълум қилинган эди.
Бу каби ҳолатлар санасангиз бисёр. Ростмана электр ва газ етиб бормаётган манзиллар бисёр.
Тўғри, бундай йўл билан кимларнингдир тинчини бузиш қонунга зид. Қонунни бузганларга эса, жазо муқаррар. Аммо шу билан муаммо ҳал бўлдими? Энди бу иш ҳечам такрорланмайдими? Ҳамма гап мана шу саволларда!
Бу одамларни қамаш, жарима қилиш билан муаммо нафақат ҳал бўлмайди, аксинча янада кўпайиб, чигаллашади. Халқда норозилик кайфияти зимдан илдиз ота бошлайди. Ахир у бечоралар кўчага ҳангоматалаб учун ёки бекорчиликдан чиқмаяпти. Улар жонидан ўтганидан, қийналганидан шу йўлни танлаяпти.
Президент тўртта сектор халқ ҳолидан доимий хабардор бўлади. Ҳар ҳафта ҳисобот топширади. Биттадан ён дафтар тутиб ёзиб боради деган эди. Халқ эса “ана энди биз ёйилиб яшаймиз”, деб ҳавас қилганди. Бироқ бундай бўлмади. Жойларда ҳокимлар ўзи билан уч-тўрт чоғли шотирлари билан бир жойга боради, нинадек нарса берса отдек қилиб кўрсатиш учун юзлаб расм туширилади. Бечора камбағал олганига хижолат тортиб кетади. Қишлоқларда газ баллонлари етишмайди. Аллақачон газнинг ҳиди ҳам келмай қолган трубаларни эса қайсидир «тадбиркор» ҳокимдан аризасига қўл қўйдириб, албатта, ҳаққини тўлаб кесиб кетмоқда. Сўрасангиз ҳамма бундан бехабар. Маълум вақт ўтганидан сўнг қурилиш моллари сотиладиган дўконларда ўша трубалар сотувга қўйилганига гувоҳ бўласиз.
Ҳа, келмаётган, берилмаётган газдан ҳам «пул қилиш» шундай бўлса керак. Халқ эса қиш келаётганидан хавотирда. Бироқ ҳали қиш келмасдан мана шу кеча-кундузда электр энергиясидаги узилишлар сабаб зим-зиё хонада ўтирганлар қанча?..
Ҳокимиятдагилар, ҳудудгаз, ҳудудий электр тармоқлари учун эса гўёки ҳаммаси – олам гулистон.
Халқ олдига бориб, «мени сайланг» деб юрган номзодлар эса бу орада қуруқ ваъдалар бериш билан банд: газ берамиз, электр берамиз… Яхшиси халққа сигир беринглар, тезагини қишга ишлатади.