Вакцина олган сиртқи ёки кечки таълимда ўқиётган талабаларга ҳам контракт тўловида 10 фоизлик чегирма берилади. Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги хабар берди.
«Кўпчилик талабалар ва уларнинг ота-оналари ҳамда олий таълим муассасалари ректорларининг мурожаатларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари бакалавриатининг сиртқи ёки кечки таълим шакли бўйича базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган ва таҳсил олаётган ҳамда 2021 йил 1 ноябрга қадар коронавирус инфекциясига қарши эмланган (вакцина олган) талабаларга 2021/2022 ўқув йили учун белгиланган стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига бир марталик 10 фоиз чегирма (бонус) берилиши белгиланди», дейилади хабарда.
Аввалроқ вакцинация қилинган тўлов контракт асосида ўқийдиган талабаларга 2021−2022 ўқув йили учун базавий тўлов контрактига 10 фоиз миқдорида чегирма бонуси берилиши ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ бу тартиб фақат кундузги таълимда ўқиётган талабаларга амал қилиши маълум бўлганди.
Маълумот учун, бу йил бакалавриатнинг сиртқи шаклига 37,6 минг, кечки шаклига 6,5 минг нафар, кундузги шаклга эса камида 113,5 минг нафар талаба қабул қилинган.