Президент Шавкат Мирзиёев андижонлик сайловчилар билан учрашувда 2017 йили мудофаа вазири Қобул Бердиевни нега ишдан олгани ҳақида айтиб берди.
«Президент бўлганимнинг илк йилида бир ҳарбий қисмга бордим, десантчи аскарлар билан суҳбатлашдим. Қоида бўйича десантлар тез-тез парашютда ўқув машғулотларини олиб бориши керак. Лекин бир аскардан «охирги 1 йилда неча марта парашютдан сакрагансан?» деб сўрасам, «Ўртоқ бош қўмондон, бир марта ҳам сакрамадим, чунки парашют йўқ», дея таъкидлади Мирзиёев.
«Каттақўрғондаги ҳарбий қисмда танк ҳайдашни билмайдиган механикни кўрдим. Ия, бу қанақаси? Шундан сўнг мудофаа вазири Қобул Бердиевни ишдан олдим», дея қўшимча қилди у.
Сўнгги вақтларда давлат раҳбари жойларда сайловчилар учрашиш давомида одамларни ўйлантириб турган муаммолар қаторида ҳатта ОАВ ҳам кўпда ёритмайдиган «нозик сир»лар ҳақида ҳам гапиряпти. Самарқандда прокуратура фаолияти билан боғлиқ жиддий гаплар янграган эди. Афғонистон чегарасида наманганлик аскар вафот этгани ҳақида ҳам биринчи бўлиб давлат раҳбари оғиз очди. Унгача ҳеч ким индаган эмас. Бугун навбат мудофаа тизимига етди.
Нима деб ўйлайсиз, сайлов ўтгунига қадар яна қандай сирлар очилади, қайси раҳбарлар ишдан кетади?
Дарвоқе, Ўзбекистондаги икки нафар генерал полковникнинг бири ҳисобланган Қобул Бердиев шу вақтга қадар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган эди. Аммо Академиянинг расмий сайтида бу ҳақда маълумот топилмади.
Қизиқ, Президент танқидидан кейин раҳбарият сайтдан олиб қўйилдими ёки аввалдан қўйилмаганмиди, номаълум.