Тошкент шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда тиббий буюмларини ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти хабар бермоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Учтепа туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, “B” МЧЖ раҳбари Ш.С., дорихона норасмий сотувчиси К.Х.лар фуқарога кучли таъсир қилувчи 2 дона Тропикамид” ва 5 дона “Регопен” дори воситаларини жами 300 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган
Худди шундай, Департамент ҳамда ДХХнинг Яшнобод туман бўлимлари томонидан ИИББ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаролар Р.Н., М.А. қонунга хилоф равишда “Тропикамид” дори воситасининг ҳар бирини 7,5 АҚШ долларидан баҳолаб, фуқарога 450 донасини 3 375 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий даллиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан ДБҚ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, “U” МЧЖ рахбари У.Э. ва ишчиси Ф.Ғ.лар фуқарога ҳар бир рентген плёнкаларини 70 АҚШ долларидан ҳисоблаб, жами 280 донасини 19 600 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.