Ижтимоий тармоқларда Қоровулбозор туманида истиқомат қилувчи аёл турмуш ўртоғи томонидан доимий равишда қийноққа солиниб, вояга етмаган фарзандлари ёнида уриб дўппослаб келаётганлиги ҳолати юзасидан тарқалган ведио бўйича Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси расмий маълумот берди.
Унга кўра, ҳақиқатдан ҳам Қоровулбозор тумани Имом Бухорий маҳалласида истиқомат қилувчи М.М. исмли аёлни Бухоро шаҳар “Гулшан” маҳалласида яшовчи турмуш ўртоғи А.С. 2021 йил 22 август куни тахминан соат 10:30 ларда ажрашиш учун фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси киритганлигидан ғазабланиб, отасининг уйида яшаб келаётган аёлининг ёнига бориб, у ерда ўзаро жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида турмуш ўртоғи М.М. ни уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, қўллари билан унинг боши, юзи ва танасининг бошқа соҳаларига қасддан уриб жароҳат етказади.
Судга оид суд тиббий экспертиза хулосасига кўра, соғлиғининг қисқа вақт ёмонлашувига сабаб бўлган қасддан баданга енгил шикаст етказиш жиноятини содир қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қоровулбозор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан А.С. га нисбатан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексинининг 140-моддаси 1-қисми ва 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.