Талабаликни олтин даврга қиёс этадилар. Бу бежизга эмас. Зеро, бу даврнинг ўзига хос завқлари борки, буни фақат илм толибларигина биладилар. Аммо, шундай вазиятлар ҳам борки, беихтиёр “зўрниг кучи япалоққа етибди-да” дейсан киши.
Давлат раҳбари томонидан жорий йилнинг 22 июнь санасида имзоланган Қарорга мувофиқ ўқишини бир ОТМдан иккинчи бир ОТМга кўчирмоқчи бўлган талабалар учун махсус тартиб белгилаб берилди. Мазкур Қарор ҳамда унда кўзда тутилган тартиб билан танишиб чиқишингиз мумкин.
Шу йилда ҳам жами 60 128 нафар талаба ўқишни кўчириш масаласида ўз аризаларини беришган. Шундан 39 912 ариза комиссиялар томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинган. Энди масала ОТМ раҳбарияти ва улар бўйсунувчи вазирлик комиссияларига қолади. Ва айни вақтда кўплаб ОТМлар ушбу муаммони ҳал қилиб улгуришди ҳам. Аммо…
Буни қарангки, ССВ тасарруфидаги Тошкент тиббиёт академияси масъуллари “етарлидан ортиқ даражада талабалар ўқиётганлиги”ни айтиб, ўқишни кўчириш юзасидан ариза берганларни қабул қилмаётганлиги ҳақида ижтмоий тармоқлардаги обуначиларимиз томонидан хабарлар келиб тушмоқда. Хўш, вазиятда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур тартибда йўл тутишга ҳақлими? Ҳа, ҳақли. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 393 сонли 20.06.2017-йилдаги қарорига мувофиқ, ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш битта вазирлик (идора) тасарруфидаги университетлар доирасида, йўналишлар мос ва турдош бўлса, ОТМ бўйсинувчи вазирлик комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, жавоб бериши мумкин. Шундай экан, унда муаммо нимада, дейсизми?
Муаммо шундаки, супер-контракт асосида ҳам биринчи босқичга қабул қилиниши мумкин экан-у, аммо ўқишни кўчиришда “ўринлар умуман йўқ” бўлиб қолар экан. Ғалати эмасми? Мантиқ ҳам шу жойда ўзини йўқотиб қўя қолади. Барибир, уларга керак эмас, шекилли.
Гап фақат пулдами? Агар ундай бўлмаса, умумий миқдорда 2 950 нафарга яқин, (балки ундан ҳам ортиқ) талабалар нега ССВ комиссияси қарорини кутиб туришибди? Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига, деб шундай вазиятга айтсалар керак.
Таълим олиш учун имконият ҳар кимга ҳам берилиши шарт. Шу қаторида, ушбу имкониятдан тўлақонли фойдалана олиш учун ҳам шароит яратилиши лозим. Бугун, гарчи мазмунан “илм талаб этувчи, ўрганувчи” деб номланган бўлсада, талабанинг гарданига билим олиш қаторида ижарага уй топиш, дарсдан бўш вақтида ишлай олиш, ўз-ўзини таъминлаш, камига ОТМдаги турли жамоат ишларида иштирок этиш каби вазифалар ҳам кўндаланг тушадики, Ўзбекистонда олий маълумот олган талаба универсал ишчи кучи бўлиб етишади. Баайни, масалдаги мақтанчоқ ғоз каби.
Порлоқ келажак ҳақидаги эртаклардан реалликка кўчиш фурсати қачон келади? Қарийб 3 000 нафар ёш кадрнинг қисмати қай тарзда ечим топади? Ечим топадими? Масъуллар қачон масъулият ҳис этадилар? Бизда саволлар бисёр. Жавоблар эса, ҳануз номаълум. Мавзуни очиқ қолдирамиз. Зеро, ҳали қайтамиз бу масалага.
Камолиддин Абдуазиз ўғли, журналист