6 октябр куни соат 6:20 ларда “Қамчиқ” довонининг 199 км.да “Водий-Тошкент” йўналишида ҳаракатланган «Спарк» русумли автомобил ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл ўртасидаги темир тўсиққа урилган, унинг ортидан келаётган, «Gentera» автомобили «Спарк»дан қочаман деб, шунингдек, яна «Cobalt» ва «Gentera» русумли автоуловлар ҳам ЙТҲга учраган. Бу ҳақда ФВВ хабар бермоқда.
Зудлик билан «Қамчиқ» МҚЁҚБ қутқарувчилари, тез тиббий ёрдам, Йўл патрул хизмати, «Қамчиқавтойўл» Ихтисослашган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходимлари воқеа жойига етиб борган. Қутқарувчилар жароҳат олган фуқароларни автомошиналар ичидан чиқариб олишган.
«Спарк» автомобилининг салонида ҳайдовчи ва 1 нафар йўловчи бўлиб, йўловчи тан жароҳати олган, шунингдек, «Cobalt» автоуловининг ҳайдовчиси ўнг қўл синиши ташҳиси билан Ангрен шаҳар Марказий шифохонасига юборилган. Ҳозирда шифокорлар уларнинг аҳволи яхшиланганини билдиришди. Қолган автоуловдаги йўловчи ва ҳайдовчилар енгил тан жароҳати олгани сабаб уларга шу жойнинг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Автомобил ҳайдовчилари ноқулай об-ҳаво шароитини инобатга олмай, тезликни ошириб ҳайдаши оқибатида ушбу йўл-транспорт ҳодисаси юз берган.