Жорий йилнинг 2-5 октябрь кунлари Душанбе шаҳрида дзюдо бўйича Тожикистон Президенти кубоги учун ўтказилган мусобоқада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Спорт ва Туризм вазирлиги маълумот берди.
Унга кўра, биринчи кунги беллашувларда -66 кг вазн тоифасидаги дзюдочимиз Дилшодбек Йўлдошев олтин медални қўлга киритди.
Мусобақанинг сўнгги кунида ҳамюртларимиздан яна 4 нафари шоҳсупага кўтарилишди. Жумладан, -90 кг вазн тоифасида истеъдодли дзюдочимиз Шермуҳаммад Жандреев финалда тожик дзюдочиси Камроншоҳ Устапириёнга ютқазиб қўйган ҳолда кумуш медални қўлга киритди. Шу вазн тоифасидаги яна бир вакилимиз Достон Мейлиев эса бронза медалига сазовор бўлди.
+90 кг вазнда курашган ҳамюртларимиз Бекмурод Олтибоев ва Шоҳруҳхон Бахтиёров эса терма жамоамизга бронза медалларини тақдим этишди.
Шунингдек, Камол Мурадов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Тожикистон Президенти кубогида биттадан олтин ва кумуш ҳамда 3 та бронза медалига сазовор бўлди.