“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–679-сон, 30.03.2021 й.) Президент томонидан имзоланган.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексга қўшимча киритилди.
Унга кўра, Ўзбекистоннинг қонунчилик ҳужжатлари талабларини жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган тарзда бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан ОАВ, телекоммуникация тармоқлари, Интернетдан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда омма олдида даъват қилиш БҲМнинг 60 бараваридан 80 бараваригача (14 млн 700 минг сўмдан 19 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, Ўзбекистон Президентини телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Кодексга оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик киритилди.
Унга кўра, мазкур қилмишни содир этган шахслар БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, Интернетдан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, Фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.
Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи Қонун (ЎРҚ–719-сон, 04.10.2021 й.) Президент томонидан имзоланди
Киритилган ўзгартишларга кўра, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.
Бундай ҳаракатлар:
➖ БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима (илгари фақат 50 бараваригача);
➖ 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш (илгари 1 йилгача);
➖ 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (илгари 1 йилгача).
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳокимият вакилининг, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик чоралари кучайтирилиб, жарима миқдорлари оширилди.