Тошкент шаҳрида деярли ҳамма нарсани топиш мумкин-у, лекин жой масаласига келганда бу гапимизни тўлиқ тасдиқлай олмаймиз. Бунга оддийгина автотураргоҳ тизимлари қониқарлими деган саволни ўзимизга бериб кўрсак, «Ипподром» бозори атрофларида катта йўл атрофига машина қўйиш мумкин эмаслиги ҳақида қатор белгилар осиб ташланганлиги, ўзи юрар радарлар назорати йўлга қўйилганлидан кўпчиликнинг хабари бор эканлигини яхши биламиз.
Сўнгги вақтларда Тошкент йўлларида пиёдаларнинг йўлларини банд қилиб, ўз автотранспорт воситасини тротуарларга жойлаштириб кетаётган ҳайдовчилар анча кўпайиб қолган. Хўш, бозорга келган одамлар, ҳайдовчилар машинасини қаерга қўйиши керак? Ҳар ҳолда ҳавода ўзлари учун «стоянка» яратиб олишмаса керак? Эҳтимол машина қўйиш мумкин эмас деган қатъий буйруқни берган ходимларнинг ҳам ўзи бу саволга жавоб бера олмас. Аниқ тизимни, аниқ тартибни ва тўғри йўналтирилган имкониятни бермасдан туриб, бирор нарсани талаб қилиш сал ўринсиз эмасми?
Шаҳар бош режаси йўқ, «стоянкалар» йўқ, жарималар отнинг калласидек тарзда давом этаркан, қачон ҳайдовчилар томонидан амалга ошириладиган ноқунуний тизим барҳам топади? Фақатгина автотураргоҳлар бозорлар атрофида йўқ деган фикр нотўғри, албатта. Ҳаттоки турли ташкилотлар, давлат идоралари ҳам бундан мустасно эмас. Мисол учун, деярли ҳар куни тадбир бўладиган, одамлар билан доимий гавжум бўладиган АОКА да ҳам машиналар турар жойи мавжуд эмаслиги сўзимизнинг исботидир. У ерга ташриф буюраётганлар, баъзан шошилинч мажлисларга келаётганлар ҳам машина қўйишга жой топа олмай қолади.
Яқинда метрода бир онахон билан суҳбатлашиб қолдим:
– Олмазор метросида тушаман, болам. Яшаш жойим метродан бир километр оралиқдаги Сўгалли ота кўчасида. Лекин ҳар куни метродан уйга пиёда боргунча соғ-саломат етиб борар эканманмж деб, юрагимни ҳовучлаб бораман. Пиёдалар йўли мавжуд бўлмагани учун биз машиналар серқатнов ўтадиган йўлдан ўтишга мажбурмиз. Айнан мана шу жойда тез-тез авариялар ҳам бўлиб туради. Бор-ёғи бир километр йўл учун такси тўхтатиб ўтиришга шароит ҳар доим бўлавермайди-да ахир.
Онахон айтган кўчада жойлашган «Ҳилол-нашр» нашриётига борар чоғим, унинг гаплари қанчалик тўғри эканлигига ўз кўзим билан гувоҳ бўлганимдан кейин яна бир бор амин бўлдим. Ким кафолат беради серқатнов йўл, машиналар тинимсиз қатнайдиган катта кўприк устидан тўсатдан бир уқувсиз ҳайдовчи ёки спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳайдовчи ўтмайди деб?! Ҳар ҳолда пиёдалар учун йўлакча ташкил этилиб қўйса, аҳоли учун анча хавфсиз ва қулай бўлган тизим йўлга қўйилар эдими?
Ўша, ўша…гапирсак, гап кўп, муаммо кўп. Лекин қачондир аҳоли томонидан талаб қилинаётган шароитлар тегишли ходимлар томонидан
«қилинмоқда», «режага киритилди», «тез орада бажарилади» деган турли хўжакўрсин учун берилган ваъдалар натижасини берсагина, фуқароларнинг хавфсизлиги, шахс дахлсизлиги ана ўшанда тўлиқ таъминланади.
Муаллиф: Лайло Эсанмуродова