Эшитсангиз, қулоқ “қизийдиган”, бадан пичирлаб, таъсирланадиган ҳолатлар борким, у ҳам бўлса, одам савдоси, яна-да ачинарлиси эса чақалоқлар савдосидир.
Халқаро экспертларнинг баҳолашича, дунё бўйича одам савдосидан тушадиган йиллик даромад жуда катта рақамни ташкил этади. Маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2.700.000 инсон одам савдоси жабрланувчисига айланмоқда. 600.000-800.000 нафар аёллар ва болалар алдов йўли билан чет элларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.
Ундан ташқари гувоҳи бўлаётганимиз, аёлларнинг ўз дийдасидан бўлган фарзандларини сотиш ҳолатлари, охирги пайтларда бу сўзлар қулоққа яна ҳам кўпроқ чалиняпти. Бунга сабаб нима? Пулга муҳтожликми? Йўқ, аксарият сабаблар демаса, кўп ҳолларда асосий омил қилиб, болаларнинг “отасиз” туғилишини кўриш мумкин.
Олий Мажлис сенати раиси Танзила Норбоевага кўра, 2019—2020-йилларда чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятларда 49 нафар ота-она ва 38 нафар воситачи айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган.
Бу борада ҳам айрим камчиликлар мавжуд, хусусан, айбдорларга нисбатан жазо чораларини қўллашда енгилликлар бериб юборилмоқда. Мисол учун, охирги икки йил ичида фарзандини сотган ота-оналарнинг 38,8 фоизига, воситачиларнинг эса бор-йўғи 5,2 фоизига қамоқ чораси қўлланилган, холос. Қолганларига эса синов муддати, ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш каби чоралар қўлланилган.
Шу ерда бир неча саволлар туғилади. Чақлоқни сотиб олувчилар нега айнан “қўлдан” олишмоқда? Шунинг ўрнига меҳрибонлик уйларидан олишса бўлмайдими? Бўлади, бироқ бизда чекловларнинг кўплиги сабаб бу йўлни тутишни ҳамма ҳам танлайвермайди.
Мисол тариқасида, ижтимоий тармоқларда қолдирилган бир саволни келтириб ўтамиз.
“Таъбир жоиз бўлса, минг машаққат билан ҳужжатларни йиғиб, Шайхонтоҳур туман ХТБга олиб бордик. У ерда васийлик ва ҳомийлик органи мутахассиси йўқ бўлгани учун бизни Олмазор туманига жўнатишди. Кейин бизга Юнусобод тумани Қиёт мавзесидаги меҳрибонлик уйига йўлланма беришди. Аммо у ернинг директорининг айтишича, биз истаган 3, 4, 5 ёшли қизалоқ уларда йўқ экан. Биз жуда тушкун аҳволга тушиб қолдик. Ўша тайёрланган ҳужжатлар билан бошқа меҳрибонлик уйига бориб, фарзанд асраб олишимиз мумкинми? «Йўқ» бўлса, нега? Ахир, ҳаммамиз Ўзбекистондамиз, савоб илинжидамизку. Аммо турли чекловлар фарзанд асраб олишимизга йўл қўймаяпти. Битта етим камайса, давлатга ҳам фойдаку. Яна бир гап: агар 6 ой муддатда ўша биз борган меҳрибонлик уйидан биз истаган ёшдаги қизалоқ чиқмаса, фарзандликка асраб ололмаймизми? Нега туман ХТБ фақат 1 та меҳрибонлик уйига йўлланма беради? Умуман, бутун Тошкент шаҳрига ўтадиган йўлланма нега мавжуд эмас? Нега фарзандликка олувчиларга бунча кўп тўсиқлар қўйилган?”.
Кўрганимиз биргина ҳолат, холос. Балки фарзанд асраб олишдаги бюрократия ва тўсиқларни олиб ташласак, муаммога оз бўлса-да, ечим топган бўлармиз?!.
Муаллиф: Зайниддин Норқувватов