Яқин кунларда ижтимоий тармоқларда боғча болаларининг овқатида гўшт, картошка йўқлиги, лекин боғча мудираларидан бири ҳамма гўштни пекетга солиб чиқиб кетаётганида ушланганлигини ҳақида ведиохабар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги билан боғланиб кўрдик. Масъуллар, воқеа Самарқанд вилояти Пахтачи тумани «Ҳайит Элбеги» МФЙда жойлашган 28-МТТда содир бўлган.
Ушбу ишда мактабгача таълим муассасасининг бош ошпази Ўғилой Абдураимованинг, хўжалик мудираси Мафтуна Эшимованинг қўли борлиги аниқлангани ҳақида бизга маълум қилишди. Энг қизиғи эса, улар бу ишни 28-МТТ раҳбари Шахноз Умарованинг буйруғуга асосан қилишгани юзасидан кўрсатма берган. Раҳбарнинг ўзи томонидан бу каби болаларнинг ҳақлари уриб қолиниши ва овқатга ҳеч қандай гўшт солинмасдан олиб чиқиб кетилиши бу аянчли ҳолат.
Нега энди МТТларга раҳбар тайинлашда уларнинг молиявий ҳолати чуқур ўрганилмайди? Қизиғи бу каби мансаб ўринлари доим талаш бўлиб келган. Кимдир мансабга ўтириши билан орқасидан бошқа бир команда ўз номзодини мансабни эгаллаб олиши учун астойдил ҳаракат қилиш ҳолатлари учраб туради.
Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддилари Ўзбекистондаги боғчаларда 9 ойда 6,6 млрд сўмлик иш ҳақи ва товарлар ўзлаштириб юборилгани ҳақида маълумот беришган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги мактабгача таълим ташкилотларида 6,6 миллиард сўмлик иш ҳақи ва товарлар ноқонуний ўзлаштирилган. Бундан ишламайдиган ходимлар номига ёзилган иш ҳақлари 2,4 миллиард сўмни ташкил қилади. Бу статистика ва аниқланган ҳолатлар. Лекин бир томони борки, ўрганилмасдан, кузатувдан четда қолиб кетган манзиллар сони ҳам оз эмас. Мактабгача таълим ваъзирлиги эса фақат ҳолат интернетда тарқалиши билан ўрганишга киришаётгани ачинарли ҳолат.
Ўрганиш натижаларида ҳар доим ҳам ошкоралик руҳи сезилмайди. Матбуот котиблар доим ҳолатни силлиқлаш билан оввора. Вазиргача кўтарилиши керак бўлган муаммоларда эса йўл ярмида тўсиққа дуч келинади. Гуёки бизга гап тегади қабилида мурожаатчини вазирга яқин йўлатишмайди. Соғлом, жисмонан ва маънан баркамол фарзандлар келажакда юртимиз ривожи учун хизмат қилишига шубҳа қилмаймиз.
Бироқ Пахтачидаги воқеага ўхшаб ҳаттоки овқатида гўшт тугул картошка ҳам бўлмаган ҳолатда болалар қандай қилиб соғлом бўлсин?! Эҳтимол, бу ҳолатлар кузатилмаганда кўпчилик ота-оналар МТТлардан норози бўлишмас эди. Ҳар куни ўғирлик, фирибгарлик содир бўлиб турадиган жойда қандай қилиб бола яхши тарбия, яхши билим олсин, ахир?! Зеро, «Қуш уясида кўрганини қилади» деган нақл ҳам бежиз эмас!
Ачинарли жиҳати, бу ҳолатни четдан эмас, ичкарини ўзидан масъуллар қилаётганидир. Нега ишга олиш жараёнида ходимлар текширувдан ўтказилмайди? Ёки биз билган «таниш-билишчилик» бу ерда асқотяпдимикин?Мактабгача таълим муассасаларида бундай ҳолатлар деярли ҳар кун, ҳар нуқтада учраб туриши, шубҳасиз. Мактабгача таълим вазирлиги эса қачон ҳолат ошкор бўлсагина ҳисобот тариқасида хабар бериш билан банд. Хўш, бундай ҳолатларнинг охири борми, ҳурматли мутасаддилар!?
Лайло Эсанмуродова