Сайловдан кейин кутилаётган ўзгаришлар ёхуд қайсидир томонга оғиш даражаси ҳозирча нолга тенг

Муштум журнали

Президент сайловигача саноқли соатлар қолар экан, сайловдан сўнг нималар ўзгариши кўпчиликни қизиқтиради. Айниқса, биринчи бўлиб ҳукуматда, юқори лавозимдаги кадрлар борасида катта ўзгаришлар юз бериши табиий. Чунки, таомилга кўра, президент сайланса ёки қайта сайланса ҳукумат истеъфо беради, президент бош вазирни тайинлайди ва бош вазир эса ўз навбатида янги маҳкама аъзоларини тақдим этади.

Ҳозирча бешта партиядан президентликка номзодлар ўз сайловолди тарғиботлари билан машғул экан, янги ҳукумат таркиби қандай кўриниш олишини тахмин қилиш фойдадан холи бўлмайди.

Ва шундан келиб чиқиб, эҳтимол кейинги ўзгаришларни ҳам бир оз тахмин қилармиз. Аммо сайловда ҳали ким ғолиб бўлиши номаълум экан, тахминимизни амалдаги президент, ҳозирги ҳукмрон партиядан номзод Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонса, ҳозирги ҳукумат таркиби қандай бўлишига қаратамиз.

Зеро қолган бошқа тўртта номзоднинг ўз дастури ва қарашлари бўлиб, улар ғалаба қозонишса, янги ҳукумат кўриниши қанчалик ўзгаришини ҳозирча тасаввур қилишимиз қийин. Ёки жаҳон тажрибасида бўлганидек биздаги президентликка номзодлар ғолиб бўлса кимларни ҳукумат таркибига қўймоқчи экани хусусида ҳамон лом-мим дегани йўқ. Скептиклар, бу сўзларга жилмайиб қўйишлари мумкин. Аммо бир ибора-қоида бор, эҳтимол бу барча номзодлар учундир:

Агар сиз таслим бўлишга тайёр экансиз, демак сиз муваффақиятга тахмин қилганингиздан кўра яқинроқсиз”

Демак, ҳозирча президентлик учун кураш авжида экан, биз юқоридаги мақсадимизга қайтамиз. Лекин шуни бошидан айтиб ўтиш жоизки, жуда ҳам катта ўзгаришларни кутишга тўғри келмайди. Чунки, 5 йил ичида кадрлар чертиб-чертиб олинди, баъзи лавозимларда синаб кўрилди, алмаштирилди…

Натижада президент ўзи кўзлаётган ислоҳотлар амалга оширилишини таъминлайдиган командани йиғиб олди, дейиш мумкин. Жузъий ўзгаришлар бўлишини эса истисно қилмаймиз, холос.

Кўпчиликни, масалан, кўпроқ Бош вазир ким бўлиши қизиқтиради. Хўш, Шавкат Мирзиёев қайта сайлангач, Бош вазирликка кимни лойиқ кўради? Ҳозирги Бош вазир Абдулла Арипов, ўз лавозимида қоладими ёки йўқми?

Одатда Президентнинг мамлакатдаги фаолияти давомида ва чет эл сафарларидаги энг биринчи шахслар сифатида ҳукумат аъзоларидан Абдуллар Арипов ва унинг биринчи ўринбосари Ачилбой Раматовни кўрамиз.

Янги ҳукматни тузиш вазифаси Очилбой Раматовга топширилиши мумкинми? Бизнинг тахминларга кўра, Раматовнинг биринчи ўринбосар сифатида иш бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ ва янги ҳукумат таркибида ҳам у айни шу лавозимида қолади. Бош вазирликка яна катта эҳтимол билан Абдулла Арипов номзоди кўрсатилади. Зеро, Ўзбекистонда мамлакатни, иқтисодиётни рақамлаштириш, ахборот-технологиялари соҳасини ривожлантириш борасида катта лойиҳалар борки, айнича, ҳозирги Бош вазирнинг қайта тайинланиши ўйланган ишларнинг охиригача етказилишига олиб келади. Ҳозирча Арипов-Раматов тандеми сақланиб қолади.

Бош вазирнинг қолган ўринбосарлари орасидан Жамшид Қўчқоров ва Азиз Абдуҳакимов борасида тахминлар эса 50/50 ни кўрсатмоқда. Молия-банк, молия-иқтисодиёт, камбағалликни қисқартиш, туризм ва спорт соҳалари бўйича янги ўзгаришлар бўлиши мумкин. Биринчи ўринбосар портфели вазир портфелига ёки аксинча бўладиган бўлса, раҳбариятдаги биринчи алмашишлар шу ерда намоён бўлади.

Ҳукуматда қолган 22 та вазирлик бўйича вазирлар портфеллари қайта тақсимланиши ёки ўз лавозимларида қолишлари масаласига келсак, бу унча аҳамиятли эмас. Бу ерда фақат бир нечта жиҳатни қараб ўтиш лозим.

Шу йилнинг кузида жанубий қўшнимиз Афғонистонда ҳукумат бутунлай алмашгани ва ҳокимиятга «толибонлар» келгани, мамлакатнинг Афғонистон Ислом Амирлиги номини олгани, чегараларимизда маълум бир нотинчликлар бўлиб ўтганини эсдан чиқармаслигимиз зарур. Ҳозир айнан ўзбек дипломатияси мазкур мамлакат билан тинч музокалар йўлидан боради ва Афғонистонга гуманитар ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат қилди. «Толибон» ҳукумат томонидан турли кафолатлар олинмоқда. Шу боис Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мазкур муносабатларнинг ҳар томонлама ўзаро ишончли заминга асоланган ҳолда давом этиши учун керак бўлади.

Хавфсизлик ва мудофаага тааллуқли ҳозирги раҳбарият ва вазирлар ҳам юзага келган мураккаб вазиятда ҳукумат таркибида қолишади.

“Шамол йўналишини ўзгартиришга бизнинг кучимиз етмайди, аммо биз елкан ҳолатини ўзгартиришимиз мумкин”.

Шу ерда қисқача лирик чекиниш қиламиз ёки баъзи нарсаларга эътиборни қаратамиз.

Амалдаги президент беш йил олдин Ўзбекистон янгиланиш ва ислоҳотларга юз тутганини эълон қилгандан сўнг, ўтган давр мобайнида янгиликлар шунчалар кўп бўлдики, биз ҳаётимизни бутунлай ўзгартирган нарсаларни унутиб қўйдик. Уларга оддий ҳол сифатида қарай бошладик ва шу сабаб улар олдимизда баъзан қадрини йўқотгандек. Аслида буни тан олиш лозимки, 5-10 йил олдин хаёлимизга ҳам келтирмасдик ёки Ўзбекистонда бўлишига ишонмасдик.

Оддий кундалик икир-чикирларимиздан тортиб, бошқа баъзи нарсалар жуда тез юз берди. Шунчаки атрофга қараб ўзингиз баҳо бериб кўришингиз мумкин. Шу билан бирга, ҳар қандай дамбани қўйиб юборилса, тинигунча, ўзи билан лойқаларни ҳам олиб келади. Шу боис жамиятда бугун учраётган баъзи иллатлар, камчилик билан президентлик сайловидан сўнг курашга қаттиқ киришилади, баъзи бир мурватлар қаттиқроқ буралиши кутилмоқда. Бу ҳам табиий. Энди орқага йўл йўқ.

“Ўз меҳнати натижаларини дарҳол кўришни истаган одам этикдўз бўлиши керак.”

Альберт Эйнштейн

Гоҳида баъзи бир нарсаларни аниқроқ кўриш учун ундан узоқлашиш керак бўлади. Демак, олдимизда вақт бор. Ҳар қандай ҳолатда, Ўзбекистон ҳозирги ислоҳотлар йўлидан оғишмайди.

Илгарилари ҳукумат таркибидаги вазирларни халқимиз қарийб танимас эди. Ҳозир аксарият вазирлар халқ ичида ва ижтимоий тармоқларда машҳур, мулоқотга чиқишади. Баъзан ижобий ва ҳатто баъзан салбий муносабатларга ҳам дуч келишяпти. Шулардан, адлия вазири Русланбек Давлетов, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, маданият вазири Озодбек Назарбеков, энергетика вазири Алишер Султонов ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. Булар сафига бу сафар кимлар қўшилишини кўп ўтмай билиб оламиз.

Авиацияда учиш-қўниш пайтида самолётнинг четга оғиши бурчаги бўлади. Ноль даража стандарт бурчак. Мамлакат ҳам худди шундай. Шунинг учун сайловдан ҳукумат таркибида сенсация бўлишни истаётганларга битта нарсани шипшитиш мумкин: истаймизми йўқми, асосий мақсад – Ўзбекистон келажаги ва унинг манфаатлари. Бу мақсадга эса фақат бирлашиб эришилади. Эҳтимол, навбатдаги ҳукумат таркибидан ҳозирги президентликка номзодлардан баъзилари ўрин олиб қолса ҳам ҳайратланманг.

Асадулла ЖЎРАЕВ,

журналист