Бирон-бир мактаб олдидан ўтиб кетаётганингизда мактаб ичкариси ва ташқарисидаги ғала-ғовур, шовқинлардан бошингиз айланганми? Ёки шу мактабдаги қайсидир синфда болаларга дарс ўтишга қийналаётган ўқитувчининг аҳволини бир тасаввур қилиб кўрдингизми?
Битта синфда 37-38 та ўқувчи таълим олади. 45 дақиқа ичида ўқувчини давомат қилиш, ўтилган дарсни такрорлаш ва мустаҳкамлаш, янги мавзуни тушунтириш ҳамда ўқувчиларни баҳолаш каби ишлар амалга оширилади. Лекин бу вақт оралиғида мактабдаги бошқа кузатувчилар синфга кириб қолиши ёки ўқувчилар орасида муаммоли вазият туғилиб, ўқитувчининг дарс ўтишига ҳалақит қилувчи омиллар юзага келаверади. Айб ўқитувчининг зиммасига юкланади. Бола мактабга таълим олиш учун келади, тарбияни эса, оиладан олади. Оиласида яхши тарбия кўрган болага мактабда ўқитувчи таълим беришга ҳам қийналмайди.
Мактаб ўқувчиси 8-9-синфларда таҳсил олаётган пайтидан бошлаб, олий таълимга ўқишга кириш учун мактабдан чиқиб, қўшимча дарсларга қатнай бошлайди. Бунинг сабабларидан бири сифатида 40 га яқин ўқувчи бир синфда тиқилиб олиб, 45 дақиқа ичида нима содир бўлаётганини англамай ўтиб кетаётган ачинарли ҳолатни келтириш мумкин. Тўғри, ўз касбининг фидойиси бўлган устозлар ҳам бор, яхши баҳоларга ўқиётган болалар ҳам бор. Лекин улар жуда кам.
Ҳозирги кунда юртимизнинг кўплаб ҳудудларида қурилишлар, таъмирланишлар жадаллашиб кетган. Янгидан янги уйлар, бинолар, озиқ-овқат дўконлари, хизмат кўрсатиш шаҳобчалари қад ростлаяпти. Керак бўлса, улар қисқа ва тез фурсат ичида фойдаланишга топширилади. Аммо сиз кўрдингизми, мактаб қурилаётганини, болалар учун боғчалар қурилаётганини. Қурилаётган бўлса ҳам улар қанча вақтда фойдаланишга топширилаяпти.
Халқ таълими вазирлиги ташаббус қилиб, чекка ҳудудларда узоққа қатнаб қийналиб ўқиётган болалар учун, шу чекка аҳоли учун кичикроқ бўлсада мактаб биноси қурдирса, қандай яхши иш бўларди.
Қолаверса, битта синфда 20 та ўқувчи таълим олсин. Тўғри, бу масалада аввал ҳам муҳокама бўлган. Унга кўра бюджет масаласи муаммо эканлиги айтилган. Бошқаларнинг фикрини билмадим-у айнан мен бюджетни биринчи таълимга сарфлашдан бошласин, ундан ортганига қилсин қурилишларни дегим келади. Чунки мактаб ва таълим соҳасини ривожлантириш ҳақидаги гап неча йиллардан буён муҳокама бўлиб, ундан нарига ўтмаяпти.
Қўшимча дарсга қатнаштириш учун ҳамма оилаларнинг ҳам қурби етавермайди. Мактабда ўқувчи етарли билим олиши учун билими кучли педагогларни кўпайтириш ва синфдаги ўқувчилар сонини камайтириш, яъни битта синфни иккита синфга айлантириш керак. Қўлида биргина мел билан синфхонага кириб ўқувчиларга маҳорат билан дарс ўтиб кетадиган педагогларимиз бор.
Ҳатто саводсиз ўқувчиларни дарсдан сўнг олиб қолиб алоҳида шуғулланиб, уларнинг саводини чиқарган фидойи устозларимиз бор. Ривожланган мамлакатларда ҳам ягона мактаб формаси жорий қилинган, бизда бу масала ҳалиям ўз ечимини топмаган. Биргина шу масала ҳали ҳам муаммолигича қолган экан, юқорида таъкидлаганимиздек, мактаб қурилишлари ҳақида умуман гапирмай туриш керакмикин, деб ҳам ўйлайди киши. Келажак учун бугунданоқ ҳаракат қилиш, таълимни ислоҳ қилишни пайсалга солмаслик фурсати келди. Чунки шу мактабларда ўқиётган ҳар бир бола жамиятимизнинг эртанги куни қандай бўлишини белгилайди.
Мактабда 11 йил таълим олган болалар ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб улғайса, улар йўлларни равон қилиши, баланд-баланд иморатлар қуриши, ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан ҳар соҳада беллаша олиши мумкин. Шундай экан фарзандларимизнинг комил инсон бўлиб улғайишлари учун ҳар бир муаммога ечиб топиб, ҳар битта масалани ўз ўрнида ўрганиб, уни одилона ҳал қилишга киришайлик. Таълим тизими ислоҳотлашган ҳолда янгиланса, репититорлар мактаби вужудга келса, дипломи чанг босиб қолган қанча-қанча билимли педагоглар бор улар ҳам ишлашга ҳақли эмасми?! Қайсидир ҳудудларда ўқув марказларининг фаолияти бор, лекин уларнинг сони кам.
Халқ таълими вазирлиги битта синфда ўқийдиган болалар сони муаммосини ва мактаблар сонини кўпайтириш масаласини ҳал қилиш ташаббуси билан чиқишига умид қилиб қоламиз. Зеро, келажак бугундан бошланажак.
Роҳила Ражапова, филолог