“Фотосессия 70 минг”. Тошкент ботаника боғида суратга олиш мумкин эмасми?


Гувоҳи бўлаётганимиздек, охирги бир неча йилликда очиқлик сиёсати яна-да юксалмоқда, журналистлар ўз сўзига, қаламига эга бўлиб бормоқда, бироқ баъзи номақбул чекловлар, тўсиқлар ҳам учраб тургани бор гап.


Кўп ҳолларда фаолиятимиз доирасида турли фоторепортажлар, суратлар олишимизга тўғри келади, аммо доим ҳам бу муродимизга етавермаймиз. Сабаби, суратга олиш билан боғлиқ тўсиқларнинг баъзи масъул ташкилотлар ва идоралар томонидан номақбул тарзда кўплигидир.


Президентнинг 6.02.2018 йилдаги ПҚ-3509-сон қарорига мувофиқ, қуйидаги ҳолларда суратга олишга рухсат этилмайди:


• хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳарбий хизматчилари ва ходимларини, уларнинг розилигисиз;


• қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва ҳарбий-техник мол-мулк, шунингдек Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, МХХ ва Миллий гвардия бўлинмаларининг тезкор ва жанговар хизмат фаолиятини;


• Давлат чегарасида ўрнатилган чегара белгилари, муҳандислик-техника воситалари, бинолар, иншоотлар ва бошқа объектларни, шунингдек чегара органи бошлиғининг рухсатисиз чегарадош давлатлар ҳудудини;


• чет давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари ҳамда халқаро ташкилотларнинг ҳудуди, бинолари ва иншоотларини;


• белгиланган суратга олиш режимини бузган ҳолда объектларни.


Бироқ баъзи давлат тасарруфидаги кўнгилочар масканларда, боғларда ҳам ушбу чекловни кўряпмиз, яна шуни эслатиб ўтмоқчимизки, бу фақат фото камера билан боғлиқ чеклов, телефонларда олинган суратлар бундан мустасно.


Яқинда “Tashkent city” сайилгоҳига киришда шу билан боғлиқ муаммога дуч келдим, анча текширишлар, сўровлардан сўнг олган суратларим ижтимоий тармоқларда тарқалса, жавобгарликни бўйнимга олиш важи билан рухсат беришди.

Яна шунга ўхшаш бир ҳолат гувоҳи бўлдим. Бу Академик Ф.Н Русанов номидаги Тошкент ботаника боғига киришда содир бўлди. Фото камера билан кириб, фотосессия учун 70 минг сўм миқдорида пул тшлашим кераклигини айтишди, бироқ ичкарига кириб, бир нечта фотографларнинг суратга олиб юрганини кўрдим, масалага ойдинлик киритиш учун улар билан суҳбатлашиб кўрдим ва ҳеч қандай тўсиқсиз ўтишгани ҳақидаги маълумотни олдим. Нега, чеклов фақат журналистлар учун, “бизнес” қилувчиларга эса дарвоза ланг очиқ.

Мазкур ҳолат бўйича боғ маъмурияти билан боғланганимизда, “Ҳамма келиб, тала-тўп бўлиб кетмаслиги учун пуллик қилганмиз, журналистларга доим очиқмиз”, деган жавобни олдик.

Яна бир эътирозларга, муҳокамаларга сабаб бўладиган ҳолат бор, бу ҳам метро бекатларида суратга олишнинг таъқиқланганлиги. Тўғри, бу таъқиқ 2018 йилдаёқ олиб ташланган, лекин метроларда доим ҳам бунга амал қилинмайди. Куни кеча бу билан боғлиқ муаммога дуч келдим, “Абдулла Қодирий” метро бекатида бир неча ҳолатда суратга олатуриб, метро ходимининг эътирозига дуч келдим, “гапни кўпайтирмаслик” важи билан уларни ўчирдим.

Аслида бу чекловлар билан нимага эришиш мумкин, балки бунинг учун ҳам таҳририятдан икки энлик хат ёки оддий фуқаролар учун лицензия жорий қилиш керакдир?!

Шу ўринда масъул ташкилотлардан ҳар хил ўзларича тўқиб чиқарилган таъқиқ ва чекловларни яна бир тафтиш қилишларини сўраймиз.


Зайниддин Норқувватов