Тошкент вилоятида қарийб 20 млн сўм сохта пул тайёрлаган она-бола ва келин аниқланди

Тошкент вилоятида қалбаки пул тайёрлаш билан шуғулланувчи шахслар фаолият тўхтатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.


Аниқланишича, 1993 йил Қашқадарё вилоятида туғилган фуқаро Янгийўл шаҳридаги яшаш манзилида онаси ҳамда никоҳидаги аёли билан қалбаки миллий валюта тайёрлаш билан шуғулланган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида, улардан 19,6 млн сўм миқдоридаги 196 дона қалбаки 100 минг сўмлик купюра, 2 та компютер, 2 та рангли принтер, қоғоз кесиш ускунаси ва бошқа ашёвий далиллар расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, уларнинг яшаш хонадонида 1 дона пневматик тўппонча борлиги ҳам аниқланган.. Ноқунуний сақланаётган тўппонча ва пул ясаш ускуналари тегишли тартибда олиб қўйилган.

Бундан ташқари, қалбаки валюта сотиб олиш учун келган Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида яшовчи, 1971 ва 1984 йилларда туғилган, муқаддам судланган 2 нафар шахс ҳам ҳибсга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.