Соҳамиз юзасидан кўп марта вазирлик, агентлик ва уюшмалар билан боғланишимизга тўғри келади, бироқ доим ҳам бу муддаомизга етавермаймиз, яъни давлат ташкилотларининг кол-центрлари билан боғлана олмаймиз.
Куни кеча мақоламиз учун статистик маълумотлар олиш мақсадида ИИВнинг 1102 қисқа рақами билан боғланмоқчи бўлдик, навбат бўйича 17 ўринда эканимизни айтишди, 40 дақиқа-ю 19 сония навбатимизни кутдик, ҳали иккинчида тургнимиздаёқ узиб қўйишди.
Бу биргина биз билан ва айнан ИИВ билан боғлиқ ҳолат эмас, техник носозлик бўйича гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Тест сифатида Бош Прокуратуранинг 1007 қисқа рақамига ҳам қўнғироқ қилдик, операторнинг “хизмат сифатини яхшилаш мақсадида сизнинг овозингиз ёзиб олиниши мум…”. Тамом!
Баъзан кузатганимиз, қисқа рақамлар билан боғланишда ойлик трафикдан эмас, ҳисобдаги пулларни ечиб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Мазкур ҳолат кўп маротаба ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ва давом этиб келмоқда.
Ишламайдиган ишонч телефонини дасмоя қилиб, матбуот анжуманларида “…қабул рақамлари эрта-ю кеч ишлаяпти”, – деб жар солиш билан иш битмаяпти, ахир. Балки бутун бошли вазирлик ёки идорага битта кол-центр камлик қилаётгандир, уларнинг сони кўпайтирилса, муаммога ечим бўлмасмикан?!
Бу бўйича фейсбук фойдаланувчилари, ижтимоий тармоқ фаоллари, журналист ва блогерлар ўртасида сўров ўтказдик, фикрлар билан ўртоқлашамиз.
Қосимов Шоят: “Кеча РЭСга 16:55 да қўнғироқ қилиб гаплашдим, лекин 17:05 дан кейин телефонни ҳеч ким олмади, минг марта ҳамма рақамига чиқдим, навбатчи қолмайди, шекилли”.
Исроил Тиллабоев: “Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан доим муаммо боғланиш”.
Ҳусниддин Бердиев: “Мисол учун Марказий банкнинг ишонч телефонига уч кун ҳам уриниб, тушолмадим”.
Дилшодбек Донёрбек: “УзТелекомнинг 1054 рақами умуман ишламайди, 70 навбатдан бошланади, ками ярим соат кутиш керак, хизмат нолга тенг. Ҳудудий эълектр тармоқларининг бўлимлари ҳам ишламайди, банд кўрсатаверади, қиш мавсуми бошланяпти, энди эса бу бўлимларга мурожаатлар яна-да кўпаяди”.
Нуриддин Зиё Тўрақулов: “Масалан, куни кеча эълон қилинган ҳимоя боти ҳам ишламаслиги ачинарли ҳол, Сувтаъминотда ҳам муаммолар етарли”.
Аброрбек Маъруфжонов: “Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Денов тумани ҳокимлиги ишонч телефонларига умуман боғланиб бўлмайди”.
Баҳодир Суяров: “Ҳудудгазтаъминот, Халқ таълим вазирлиги”.
Юқорида келтирганларимиз фикрларнинг бир қисмгинаси, холос. Ташкилотлар бу муаммони ҳал этишмас экан, аҳоли ўртасида ҳар хил гаплар, ишончсизлик туғилиши табиий, бу эса яхшиликка эмас.
Зайниддин Норқувватов