Журналист Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййидга мурожаат билан чиқди

Самарқандлик журналист Умид Сориев Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййидга жиддий видеомурожаат билан чиқди. Ушбу мурожаатни журналист ўзининг фейсбукдаги саҳифасида жойлаштирган.

Журналист бугунги кун адабиёти, уюшманинг фаолияти ҳақида куюниб гапирган.

“Тонг саҳарда Сирожиддин Саййид деган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси акамизнинг бир шеърларини ўқидим. Шундай шиғир ёзибдики, энди у киши, тўғриси, адабиётнинг куни кимларга қолди-я, деган бир ўй-хаёллар кечди хаёлимдан, азобландим, қийналдим”, дейди журналист.

Албатта, бу шеър ҳаммага таниш, ҳаммага маълум бир шеър. Уни қайтариш ёки кимгидир мана деб дастак қилишнинг кераги йўқ.

“Адабиёт яшаса, миллат яшайди”, деган улуғ бир сўз ёдимга тушди. Уни Қаҳҳордек домлаларимиз, қанча-қанча Қодирийлар, Чўлпонлар улардан олдинги даврларда, яна қанча қанча авлодларимиз, аждодларимиз айтиб кетган. Буни авлодлар эшитган, ўқиган, ундан кейинги авлодлар, кейинги-кейинги авлодлар ҳам эшитяпди, мана. Энди бир нарсага ҳайрон қоламанда: Инсон шунчалик даражада тубан кетиши мумкинми? Нафс учун, манфаат учун, мавқе учун! Яхшиси, Ёзувчилар уюшмаси раислигини ташлаб кетинг! Агар сизга шунчалик малол келаётган бўлса? Шуни ёзиш сиз учун шарафми, Сирожиддин ака, шарафми? Наҳотки виждонингиз қийналмайди?..” дея саволларни қўйган Умид Сориев.

Журналист асосан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисини маддоҳлик қилиб шеър ёзишда айблаб фикр билдирган.

“Сирожиддин ака, адабиёт касб эмас бу, адабиёт Аллоҳ юқтирган неъмат”, дея таъкидлайди мурожаатида.

Шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси яхши ишламаётгани, ҳақиқий ижодкорлар эътибордан четда эканлиги ҳақида ҳам гап боради. Бир қатор қалами ўткир адабиёт аҳли ҳанузгача уюшмага аъзолик гувоҳномасини олмагани ҳам таъкидлаб ўтилган.

“Биз зиёли инсон бўлишимиз керак, зиёнли инсон эмас… Биз миллатнинг маънавиятини тортиб олишга, бировнинг ўрнидан гапиришга ҳаққимиз йўқ”, дея мурожаат қилади журналист.

Журналистнинг мурожаатида жон бор, албатта. Мана йилларки адабиётимизда айтарли асарлар ёзилмади. Бирор бир залворли асарни нашр қилишда уюшма жонбозлик кўрсатган эмас. Фақат тадбирбозлик, олқишли сатрбозлик билан овора. Маддоҳлик қилганлар қўша-қўша уй-жойга эга бўлмоқда, Набижон Боқий каби қалами ўткир айрим ижодкорлар ҳамон бир бошпанага муҳтож.

Таржимонлар ўта қаровсиз ҳолатда. Улар ўз таржималари учун пулларини олишолмай сарсон. Яқинда уюшманинг эшикларига қулф осилгани, фақатгина махсус калит эгаларигина у ерга кириш ҳуқуқига эга бўлгани ҳақида ёзиб чиқишди. Ахир Ёзувчилар уюшмаси эшиги ҳар бир ижод аҳли учун, ҳар бир китоб ихлосманди учун очиқ бўлиши керак эмасми?

Балки ушбу мурожжатдан керакли кишилар ўзига етарли сабоқ олар. Балки яқин орада адабиёт аҳлида ҳам жиддий ўзгаришлар юз берар. Балки чинакам адабий муҳит қайтар.

Балки, балки…