Инсон зоти борки, бир кулбаи обод истаб, унга эга бўлиб яшашни хоҳлайди. Ўтмишда кишилар ўтроқ ёхуд муқим яшашидан фарқсиз бир манзилни обод қилиб яшаган ва ўша ерни ватан тутган.
Бугунги кунда эса, уй-жой масаласини бу қадар осон ечим топадиган иш деб бўлмайди. Айниқса, тизимда бюрократик тўсиқлар кўп бўлса. Шу каби муаммо Қарши туманидаги 72 оилани қийнамоқда.
Бизга маълум бўлишича банк, қурувчи ташкилот барча расмиятчиликларни якунлаб, тегишли хужжатларни Қарши тумани ҳокимлигига етказиб берган ва бунга ҳам бир йилча вақт бўлган. Аммо, ҳозирча Қарши тумани ҳокимлиги ҳеч қанақа жавоб қайтармаган. Ва албатта тегишли қарор чиқарилмаган.
«Бошланғич тўлов 16 млн эди. Йигирма миллион тўлаганман. Кадастр қилишни сўраб апрел ойида бордим, майда келинг дейишди. Сентябрда борсам ўзимиз чақирамиз деб айтишмоқда. Нима деб мурожаат қилсак «отангга бор, онагга бор» деб сарсон қилишмоқда. Дардимизни кимга айтишни билмаймиз. Ҳозирги вақтгача уйнинг 70 млн пулини тўлаб бўлдим. Қўшниларимнинг ҳам деярли ҳаммаси тўловларни амалга ошириб бўлган. Лекин ҳанузгача ҳокимиятдагилар бизга ҳужжат қилиб бермаяпти», дейди уй олган фуқаролардан бири.
Биз ушбу муаммодан жабр чекиб, сарсон бўлаётганлар билан ҳам гаплашишга уриндик. Айримларининг рақамлари ўзгариб кетган, ишламайди. Рақами аниқ аҳолининг ҳам ҳаммаси ўз дардини айтишга уста эмас. Нимадандир чўчишади. Муаммойингиз бор экан десангиз «йўқ, ҳаммаси жойида мана яқинда ҳужжат қилиб бераркан» ёки «бизга ҳужжат қилиб беришди. Ҳамма шароитларни қилиб беришган», дея ёзғиришади.
Айрим аҳоли нега сиз Тошкентда туриб бизни муаммони кўтаряпсиз, сизга ким бу ҳолатни айтди, дея сўз қотишди.
Очиқлик, ошкоралик замонида ҳам одамларимиз дардини очиқ айтишга қўрқади. Эртага ҳокимиятдан келиб уларга ёмон муомала қилишини ўйлаб чўчишади. Аҳир «Халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун ишлайди», дея президентимиз бот-бот такрорламоқда. Ислоҳотлардан, янги давр бошланганидан наҳотки ушбу аҳоли хабардор эмас?!
Вазиятга нохолислик қилмаслик учун ҳам Қарши туман ҳокими ўринбосари ва бош мутахассиси билан боғланмоқчи бўлганимизда, ҳар икки уринишимиз бесамар кетди, холос.
Одамлардан-ку, қўрқувни юлиб олиш муаммо бўлиши тайин. эркин нафас олишига ишона олмас экан, қўрқув қолаверади. Демакки, барча гап масъулларимизда. «Масъулларимиз» дейилаётган кишилар қачондир масъулиятни ҳис этишадими ўзи? Қачондир ҳис этишганми? Кимдир масъуллар учун масъулми? Очиқ саволларимиз етарлича. Жавобларни эса, вақт беради.