Кеча ва бугун Тошкент, ҳамда марказий-ғарбий Ўзбекистонда кузатилаётган чанг бўронини, “экологик фожеа” деб аташ мумкин. Лекин, бу – келажакда кутиладиган катта ва тез-тез учраб турадиган фожеанинг, бошланғич сигнали бўлиши мумкин. Ўзбекистон – дунёдаги энг катта қитьа, Евросиё қитьасининг қоқ марказида, ўта қуруқ ва дашт ҳудудда жойлашган. Бу жойлашувнинг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳам бор.
Ўзбекистон давлатчилиги шундай бўлиши керакки, истиқболдаги экологик муаммоларни англаш, уларни олдини олиш еки салбий жиҳатларини пасайтириш борасида, кучли ва асосли ўйланган давлат-жамият сиёсати тайёр туриши керак.
Бу борада, ҳукумат сиёсатидан ташқари, сиёсий партиялар ва уларнинг фракцияларини жиддий қарашлари, дастурлари ва лойиҳалари бўлиши керак. Мисол учун, мана шундай вазиятларда “Ўзбекистон экологик партияси” сўз олиб, қилиниши керак бўлган ишларни айтиши, давлатнинг бу борадаги сиёсатини ва жамиятнинг маданиятини қайта тафтиш қилиши керак бўлади. Масалан, ҳозирги холатда, Экологик партия, бошқа партиялар кун тартибига қуйидаги саволларни қўйиши мумкин эди:
Чанг бўронининг қанча қисми глобал экология билан, яна қанча қисми минтақавий, ва яна қанча қисми Ўзбекистон ичидаги вазият билан боғлиқ? Инсон омили, Ўзбекистондаги дарахт кесишлар, сув танқислиги, экологик сиёсат заифлиги билан қанчалиқ боғлиқ?
Бу кетишда, 2030, 2040, 2050, 2070 ва ундан кейинги йилларда, вазият қандай бўлиши мумкин? Ўша даврда, Ўзбекистонда одамлар нормал яшаши учун, бугун нималар қилиш керак? Ўзбекистон аҳолиси экологик қочқинлик таҳдиди остида қолмаяпдими? Дунё ҳамжамияти Ўзбекистонга бу борада қандай ёрдам бера олади? Ўзбекистон, минтақа давлатлари билан биргаликда нималар қилиши керак? Ва, ҳ.к.
Муаммолар – объектив. Уларни эсламасак, улар ғоиб бўлиб қолмайди. Аксинча, кучайиб боради, каттароқ ва кучлироқ ўч олади. Ўзбекистон халқи, давлатчилиги экологик муаммоларга жиддий тайёрланиши керак. Бунинг учун, барча масъулиятни фақат ҳукуматга юклаб қўйиш – ечим эмас. Давлат ҳам, масъулият ва малакани, имкон қадар кенгроқ тақсимлаши керак. Жонли, фаол жамият ва малакали ҳукумат керак. Ўртада кучли ишонч тармоқлари, кучли ҳамкорлик ва ўзаро ишонч зарур. Интерстеллер фильмида тасвирланган чангли ва хавфли ҳаёт, 21 асрнинг охирида эмас, бизда бугун юз кўрсатиб турибди.