Samarkand Half Marathon: Самарқандда хайрия марафони ўтказиляпти

Samarkand Half Marathon – бу йиллик халқаро хайрия мусобақаси. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ушбу тадбирни ташкил этмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади – мамлакатимизда жойлашган маданият ва санъат объектларида инклузивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва Ўзбекистонда спорт туризмини ривожлантиришдан иборат. Ярим марафондан келиб тушган маблағлар имконияти чекланган шахсларни маданият муассасаларига ишга жойлаштириш учун хайрия мақсадида сарфланади.

Бу йил Samarkand Half Marathon 6-7 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши белгиланган, бугун эса мазкур марафоннинг биринчи куни ўтди, 7 ноябрь яъни эртага югуриш марафони бўлиб ўтади.

Халқаро хайрия ярим марафони – Samarkand Half Marathon 2021 доирасида “Ишга жойлашишда инклюзия” мавзусига бағишланган Халқаро конференция ҳам бўлиб ўтди.

Бу йил ярим марафоннинг инклюзив дастури бўйича асосий ҳамкор сифатида, имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларини амалий таъминлаш ҳамда инклюзив ишга жойлаштиришни рағбатлантириш бўйича МДҲ ҳудудидаги энг йирик институтлардан бири ҳисобланган РООИ “Перспектива” иштирок этди.

Мазкур тадбир тафсилотларини эртага ҳам ёритиб борамиз ва эътиборингизга Самарқанд шаҳридан тайёрланажак фотоалбомни ҳавола этамиз.

Зайниддин Норқувватов