«Қундуз амакининг синглиси». Сенат Раиси Танзила Норбоевага берилган ушбу таъриф қанчалар ҳақиқатга яқин?

«Умуман олганда свет ўчиш, ҳалиги зулматда ўтириб телевизор кўра олмаслик 5 йил олдинги тарих эди. Ҳозир бунақанги тарих Худога шукур ҳаммаси бартараф қилинди«. Ушбу сўзлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Танзила Норбоева томонидан Медиа Ҳоллда бўлиб ўтган йиғилишда бутун омма олдида айтилган эди.

Танзила Норбоева таъкидлаган фикрлар аҳоли ўртасида катта баҳсларга сабаб бўлгани, аксарият сенат раиси фикрини жуда оғриқли қабул қилгани, буни халқнинг устидан кулиш дея баҳолагани сир эмас, албатта.

Бироқ ҳақиқатнинг кўчасига киришга ҳам иккиланиб турган гапларга қарсак нима сабабдан чалинганлигини англай олмаймиз. Тўғри, 5 йил ичида яхши ўзгаришлар бўлди. Улар ҳақида яхши воқеаларни боғлаб «бундан аввал шундай эди» деб эслайдиган ҳолатларимиз кўп. Бироқ свет ўчиш масаласига келганда биз бу фикрларни бутунлай инкор этишга ҳақлимиз.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида оддий фуқаро ва электр хизмати ходими ўртасида бўлиб ўтган мунозара ҳақидаги ведио тарқалган эди. Унда эса ходим свет ўчиш масаласида сенатни қўшиб гапирмаслигини, сенат электр соҳасини тушунмаслигини, республикада қувват етишмаслигини, шунингдек, президентнинг ўзи қувват етишмаслиги ҳақида гапириб, нима учун Жиззахда атом электр стансиясини қуриш керак дейилаётганини айтиб ўтган. Қизиқ, сенат электр соҳасини тушунмаса, шунча гапни Танзила Норбоева қарсакбозлик учун айтганми?

Troll.uz телеграм тармоғида «Қундуз амакининг синглиси ҳам бормиди?» изоҳи остида сенат раисининг яна ўша сўзлари келтирилиб ўтилган. Афсуски, Танзила Норбоева томонидан айтилган фикрлар тўлиқ амал қилмаётгани яхшигина маълум. Чекка қишлоқлар, вилоятларни гапирмай турайлик, ҳаттоки пойтахда ҳам рўй бераётган электр узилиш ҳолатларига нима дейиш керак? Наҳотки мана шуларни билиб туриб ҳам кўр-кўрона ёлғон гапириш мумкин? Бундан аввалроқ, ўтган йилнинг декабр ойида Норбоева чироқ ва газ муаммосини ҳам ўрганиб чиқишга ваъда берган эди. Лекин бу ҳам тил билан айтилган-у, амалда натижаси бўлмаган гап сифатида қолиб кетди.

Айни вақтда ҳам мамлакатимизда чироқ ўчган ҳудудлар мавжуд. Қизиғи, Танзила опанинг худди шу гапи айтилганидан сўнг республикамизнинг кўп ҳудудида свет ўчган. Худдики мана кўриб қўйларинг, дегандек. Бу эса аҳолининг, халқнинг шунчаки ҳафсалиси пир бўлишига, ишончининг йўқолишига сабаб бўлишдан ўзга нарса эмас!