Инновация вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва Биоорганик кимё институти олимлари Тошкентда кузатилган кучли чанг-тўзони сабаб «Беруний» метро бекати ва «Академ шаҳарчаси» худудларидан олинган чанг намуналарини махсус ускуналарда таҳлил қилиб чиқишди.
«Натижалар шуни кўрсатадики, чанг ҳажми 5 микронгача бўлиб, бу катталикдаги чанг зарралари анча зарарсиздир», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, 5 ноябрдаги намуналар 42 турдаги пестицидларга газ хроматографияси ёрдамида таҳлил қилинганда пестицидлар мавжуд эмаслиги аниқланган.
Чанг табиатига кўра стандарт чанг эканлигини айтилмоқда. «Чанг таркибида оғир металлар, тузлар, инсон саломатлиги учун хавфли пестицидлар мавжуд эмас», — дея қўшимча қилди Инновацион ривожланиш вазирлиги.
Балки бу чангда организм учун фойдалидир? Аҳир Тошкент шаҳрида истиқомат қилганларнинг кўпчилиги чанг оқибатида саломатлигида ўзгариш бўлганидан шикоят қилгани сир эмаску.
«Жорий йил 4-5 ноябрь кунлари мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида, хусусан, Тошкент шаҳрида мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли бўрон ҳодисаси кузатилиб, бунинг оқибатида атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар, куннинг айрим вақтларида эса 30 баробарга ошгани кузатилган эди.
Бунинг натижасида “Тез ёрдам” хизматига нафас етишмовчилиги, бронхиал астма ҳуружи ва турли аллергик реакциялар билан боғлиқ мурожаатлар сони сезиларли даражада ортди», дея ССВ ҳам ўз баёнотида келтириб ўтган эди.
«5 ноябрдан 6 ноябрь соат 06.00га қадар “103” хизматига умумий чақириқлар сони 4110 та бўлган бўлса, кеча бу борадаги кўрсаткич қарийб 345 тага камайиб, 3768 тани ташкил қилди», — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр БЎРИБАЕВ.
Шундан нафас етишмовчилиги билан боғлиқ 349 та, аллергик реакциялар билан 25 та, бронхиал астма ҳуружи билан 48 та мурожаат бўлиб, беморларнинг 8 таси госпитализация қилинган.
Ушбу баёнот тармоқда кўп эътироз ва муносабатларга сабаб бўлди. Ҳар бир интернет фойдаланувчилари ўз фикр-мулоҳазалари билан ушбу хабарга ўз эътирозларини билдиришди.
«Мининновация текширувлар натижасида чанг намуналарида оғир металлар топилмади, деб баёнот берса, ижтимоий тармоқларда одамлар норози бўлиб, сўкиб ётибди. Одамларни рози қилиш учун чанг намуналари ичига оғир металларни солиб қўйиш керакми шунда?» — дея ёзади физик олим Рустам Ашуров ўзининг фейсбукдаги саҳифасида.
Инновация вазирлиги «Тошкентда кузатилган чанг-қумли туман инсон саломатлиги учун хавфсиз», деб баёнот берибди. Вазирлик бундай баёнот бериш учун бутун бошли тадқиқотлар ўтказибди, «Беруний» метроси атрофи (яъни, вазирлик биноси яқини)дан олинган бир чимдим чангни микроскоп ва яна қандайдир асбобларда обдон текширибди (шу жойида хушхабар бор — асбоблар ишларкан!). Роса қидиришса ҳам, чанг ичидан тузукроқ зарарли нарса топа олишмабди ўзбек олимлари (бу гапнинг қайси жойига йиғлаш керак — «чанг ичидан зарарли нарса топа олишмади» деганигами ёки «ўзбек олимлари» сўз бирикмасига — буниси ўзингизга ҳавола).
Шунисига ҳам шукр. Нега деганда, вазирлик бундан-да даҳшатлироқ баёнот бериб, «шундай байрамона кунларда пойтахтимиз устидан ёғилгани чанг эмас, бахт зарраларидир, Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра гўёки чангдан азобланиб тиббиёт ходимларидан ёрдам сўраган камида 4110 нафар ҳамюртимиз эса аслида бахтдан ‘передозировка’ бўлган янги замон бахтиёрларидир», дейиши ҳам мумкин эди. Камига, чанг нафақат хавфсиз, ҳатто фойдали ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақида («чангнинг фойдасини асаларидан сўранг», деб-а) ҳақиқийлигини ҳеч ким текшира олмайдиган бирор иқтибосни Ибн Сино номидан бериб юборса, нима қилардик?» — дея ёзади журналист-блогер Муҳрим Ағзамхўжаев.
«Тепа»дан чўчиб, кўриб турганимиз чангни зарарсиз деб хулоса бериш учун қанчалик ақл даражасига эга бўлиш керак аҳир? Бор гапни очиқ айтиб, мансабидан айрилиб қолишдан қўрқдимикан баъзи амалдорларимиз?
©