Бу сафарги видео мурожат эгаси Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2- сонли ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, катта лейтенант Отабаев Сардорбек Мирзамурод ўғли.
Сардорбек 2011-2015 йилларда ИИВ академиясида ўқиган, олий маълумотли ҳуқуқшунос.
Видео Ички Ишлар Вазири Пўлат Бобожоновга мурожат шаклида тайёрланган.
Катта лейтенант Отабаев ўз видео мурожатида Наманган шаҳар ИИБ, 2- сонли ИИБ да содир бўлаётган ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар юзасидан шикоят қилган.
Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2- сонли ИИБ раҳбари майор Сатторов Азиз қўл остидаги профилактика инспекторларига ҳар куни 5 тадан маъмурий баённома тузиш, бир йилда 2 та маъмурий назорат ўрнатиш каби ноқонуний талабларни режа қилиб белгилаб берган. Бу режаларни бажармаган ходимларга ишдан ҳайдалиш таҳдиди қилинган. Ёки ҲПБ бошлиғи подпалковник Иномов Бобурга 50 АҚШ доллари берилса, режа бажарилган деб белгилаб қўйилган.
Шунингдек, кадрлар бўлими бошлиғи майор Умрзақов Абдулазиз доимий равишда ноқонуний тарзда хуфиёна хизмат текширувларини ўтказиб келади. Тартиб бўйича бир ходим раҳбарлик лавозимида 5 йилдан ортиқ ишлаши мумкин бўлмаса-да, майор Умрзақов қўл остида Комил исмли шахс 10 йилдан бери ишлаб келмоқда.
Шаҳар ИИБ бошлиғи маҳаллийчиликка йўл қўйиб асосий раҳбарлик лавозимларига ўзининг ҳамқишлоқлари ва яқин танишларини тайинлаб қўйган.
Катта лейтенант Отабаев видео мурожатда атишича Профилактика инспекторларига бир ой давомида 15 тадан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- моддаси( майда безорилик, жарима миқдори 270 минг сўмдан 810 минггача ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ) бўйича маъмурий баённома тузиш мажбурий режа қилиб қўйилган. Бундан, оддий аҳолига шунча жарима солаверишдан профилактика инспекторларининг виждонлари қийналади. Лекин юқоридан келган буйруқ сабабли мажбур қилишади.
Агар мажбурий юклама бажарилмаса раҳбарлардан куракда турмайдиган, ўта ёмон ҳақоратлар эшитишади.
Қачонгача профилактика инспекторлари ҳудудий раҳбарларнинг юқори раҳбариятга яхши кўриниш учун қилаётган ҳаракатлари сабабли оддий халқ кўз ўнгида душман сифатида кўринади?!
Қайсидир ходим ҳаққини талаб қилса босим қилинади.
Видео мурожатда катта лейтенант Отабаев келтирилган айтиб ўтилган вазиятлар учун факт ва далиллари борлигини, шу вазият сабабли ишдан бўшатишадиган бўлса қўрқмаслигини, мурожатининг ҳуқуқий оқибатларига тайёрлигини, нияти кимнидир ёмон отлиқ қилиш эмас, тизимдаги муаммоларни олиб чиқиш орқали Ички Ишлар ходимдарининг ижтимоий меҳнат шароитларини яхшилашга ҳаракат қилишдан иборат эканлигини такидлаб ўтган.
Умид қиламизки ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов юқоридаги вазият бўйича ҳолатни назоратга олиб, мурожатда санаб ўтилган муаммолар юзасидан тегишли текширувлар ўтказиб, нафақат Наманган шаҳри ёки Қува тумани балки бутун Республика бўйича Ички Ишлар ходимларининг ижтимоий хизмат фаолияти яхшиланиши учун тегишли чораларни кўради.
Шунингдек, вазият юзасидан ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шохрух Ғиёсов акадан муносабат кутиб қоламиз.