Давлат идоралари келгуси йилда бюджетдан қанча маблағ олиши кўзда тутилаётгани ҳақида хабар бергандик.
Унда 62 та давлат идораларининг 2022 йилда бюджетдан оладиган маблағлари ҳақида маълумот тақдим этилган.
Келтирилишича, жорий харажатлар, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун қўйилмалар) учун ажратилади. Умумий ҳисобга қараб кўрсангиз даҳшатли даражадаги сумма келиб чиқади. Масалан, айрим идораларга ажратилган маблағ миқдорини кўриб, улар кейинги йилдан ҳаммасини “ноль”дан бошлайдимикан, деб ўйлаб қоласиз.
Биргина мисол, МТРК учун 561,4 млрд маблағ ажратилиши кўзда тутилган. 2020 йил учун эса 427,3 млрд. Ажратилган экан. Бироқ, шунча катта маблағга яраша Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси фаолиятида ҳанузгача ҳеч қандай ўзгаришлар кузатилаётгани йўқ. Умуман, бугун саноқли расмийлардан бошқа қанча одам МТРК каналларини кўраяпти ўзи? Халқимизнинг аксарият қисмини жалб эта олган бирорта кўзга кўринган лойиҳасини биласизми МТРКнинг?
Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан яна бир янги телеканал — Renessans TV ўз фаолиятини бошлаган эди. Бу ҳам ортиқча бир сарф харажатдан ўзгаси эмаслиги ойдинлашиб қолди аллақачон. “Ярқ” этган бирорта кўрсатуви борми шу телеканалнинг?
Қолаверса айрим телеканалларни ишлаяпти, деб айтишнинг ҳам имкони йўқ. Халқ дардини олиб чиқиш ўрнига арзимган ишларни “ура-урачилик” билан кўрсатишдан ўзгасига ярамайди.
Айни пайтда мамлакатимизда 48 телерадиоканал, жумладан ҳудудларда 13 та нодавлат телеканал фаолият юритади. Телеэкранларга қачон кўзингиз тушмасин бирор-бир айтарли, мазмунга эга кўрсатув кўрмайсиз. Мисол учун бугун телевизорнинг қайси каналига кўзингиз тушмасин, бу халқнинг боши касалликдан чиқмай қолганми, деган фикрга боришингиз аниқ.
Тўғри, реклама – бу даромад. Аммо бирор яхши кўрсатувнинг ўрнига ҳам реклама бериб, пулни кўпайтиришга ҳаракат қилишаётган экан, унда халқ тўлаган солиқдан миллиардлар ажратиш, боз устига бу йил 134 млрд. га ошириб беришнинг нима кераги бор? Рекламадан тушган пуллар кимнинг чўнтагига тушяпти унда?
Қанчалик маблағ ажратилмасин, сарф-харажатлар учун шаффоф тизим яратилмас экан ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Аксинча талон-тарож авж олади холос. Кимнингдир чўнтагига бориб тушаверади. Ўша кимдир эса барча қонунларни билган, давраларда халқим-халқим дея халқумни ўйлайдиган кимса бўлиб чиқаверади.
2021 йилнинг 6 ойи мобайнида мамлакатда 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳолатлари билан боғлиқ бўлган 1676 та жиноят ишлари тергов қилиниб, судларга юборилган.
2021 йил 6 ойи давомида мансабдор шахслар фаолият юритган давлат органлари ва ташкилотлари кесимида ўтказилган таҳлил давомида аниқланишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 107 та, Халқ таълими вазирлиги тизимида 74, давлат улуши бўлган ташкилотларда 69, банкларда 66 та шундай ҳолатлар аниқланган.
Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.
Суд якунлари бўйича коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича 592,5 млрд. сўмлик моддий зарар етказилганлиги аниқланган.
Кўриниб турибдики, жорий йилнинг олти ойида биргина МТРКга ажратиладиган маблағдан кўра кўпроқ сумма талон-тарож қилинган. Саволлар бисёр, бироқ қолганини вақт кўрсатади.
Соҳа ривожи учун пул ажратиш бошқа масала, уни тўғри тақсимлаш эса иккинчи бир мушкул масала экани яққол кўриниб турибди.
Қани кўрамиз, бу лойиҳа юзасидан халқ вакиллари бўлган депутатлар қандай фикр билдиришар экан?!.