«Отам мени 9-синфимдан бери зўрлаб келган!» Отага нисбаган бундай туҳмат қилиш тарбиясизликми ёки меҳрсизлик?

Жорий йилнинг январ ойи бошида ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида яшовчи вояга етмаган қиз отаси томонидан мунтазам зўрлаб келингани ҳақида видео тарқалган эди.

Қизнинг айтишича, отаси 43 ёшли Т.А. уни илк бор 9-синфда ўқиётган пайтда оёқ-қўлини боғлаб, зўрлаган ва «Ё мен билан бўласан ё бу уйда яшамайсан», деб пўписа қилган. Шундан сўнг ота ўз қизини мунтазам зўрлаб, калтаклаб келган. Ички ишлар органлари, маҳалла қўмитаси, хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари ҳам бунга нописандлик қилган. Масъул органлар буни исботлашни қизнинг ўзидан сўраган.

Вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, мазкур ҳолат туман ички ишлар бўлимида жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни қайд қилиш тўғрисидаги «Шакл-2» журналида 2021 йил 19 январ куни қайд қилинган.

Ҳолат юзасидан тезкор-тергов гуруҳ вакиллари ҳодиса жойга чиққан ҳолда кўздан кечирилган. Кўздан кечириш давомода олинган ашёвий далиллар юзасидан судга оид биологик ҳамда физика-техника экспертизалари тайинланган.

Фуқаро Т.А.нинг танасида зўрлик белгиларидан қолган тан жароҳатлари бор-йўқлиги ҳамда уни жинсий алоқа қилиш лаёқатига қодир эканини аниқлаш юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган ва хулосаси олинган.

Суд-тиббий экспертизасининг 2021 йил 15 феврал кунги хулосасида қиз айтган гаплар ўз тасдиғини топмаган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан 2021 йилнинг 18 феврал куни туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят-просессуал кодекснинг 83-моддаси (реабилитасия учун асослар) 2-бандига (унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмагани) асосан жиноят ишини қўзғатиш рад этилган.