Шерзод Шерматов АКТ вазири этиб тайинланди, ХТВга бошқа номзод маъқулланди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимига шу кунгача Халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келаётган Шерматов Шерзод Хотамович номзоди маъқулланди.

Шерзод Шерматов 2017 йилда Хуршид Мирзохидов МТРК раиси лавозимига тайинланган вақтда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

2018 йил август ойидан Шуҳрат Муҳаммаджонович Содиқов АКТ вазири лавозимини эгаллаб келаётган эди. Бироқ, ижтимоий тармоқлардаги узилишлар туфайли аввалроқ Содиқов ўз лавозимидан озод этилганди.

Халқ таълими вазири лавозимига шу кунгача Ўзбекистон Республикасини ХХР фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимида ишлаб келаётган Саидов Бахтиёр Одилович номзоди маъқулланди.