Фарғона давлат университети ўқитувчиси катта миқдордаги маблағни қиморда ютқазиб қўйгани сабабли ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда «Oyina.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилган.
Қайд этилишича, 2021 йил 17 ноябрь куни соат 16-00лар чамасида Шаҳрихон тумани, Бўстон МФЙ, Янгиқадам кўчасидаги уйда яшовчи Р.Б (Фарғона давлат университети ўқитувчиси) мазкур ҳудудда жойлашган қабристон айвонида бўйин соҳасидан ўзини осиб, ўз жонига қасд қилган ва воқеа жойида вафот этган.
Унинг ўлими сабабларини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Р.Б.нинг жасадини суд-тиббий экспертиза мутахассиси иштирокида кўздан кечириш давомида тан жароҳатлари аниқланмаган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида Р.Б. Фарғона давлат университетида ўқитувчи лавозимида ишлаб келгани, «1xbet» букмейкерлик компанияси орқали таваккалчиликка асосланган қимор ўйинлари ўйнаши, 2021 йил 16 ноябрь куни Фарғона вилояти, Фарғона шаҳрида яшовчи «Ҳуршидбек» исмли шахсдан мазкур қимор ўйинларини ўйнаш учун 57.000.000 сўм миқдоридаги пулларни қарзга олгани ва «1xbet» ўйинларида мазкур пулларни ютқазиб қўйгани аниқланган.
Шунингдек, мазкур пулларни 2021 йил 18 ноябрь куни қайтариб беришни ваъда қилиб, уйидан олиб келиб беришини айтган ва шу куни оила аъзоларига телефон рақами орқали уни қабристондан топишлари тўғрисида смс-хабарнома юборган.
Марҳум бу йил магистратурани битирган эди. Уйланганига икки ой бўлган эди.
Ёши 30 да эди. Аллоҳ марҳумнинг яқинларига сабр берсин.
Спорт ўйинлари ниқоби остида ташкил қилинаётган онлайн қиморхоналар минглаб оилаларни ёстиғини қуритмоқда. Шу жумладан мана шу укамизни ҳам ўз жонига қасд қилишига сабабчи бўлди.
Онлайн қиморга рухсат берганлар наҳотки шу вазиятларни кўришмаётган бўлса?!
Наҳотки шунча ўлим ҳам уларга дарс бўлмаяпти?!
Бу ҳолатни ҳис қилишлари учун ўз фарзандлари шундай қарзга ботиши, жонига қасд қилиши шартмикин?!
Хаёлимдан бир тахмин кетмпяпти, (Иншааллоҳ нотўғри тахмин бўлсин-ку) худдики онлайн қимор платформалари устида ёки юқоридаги амалдорлар ёки уларга гапи ўтадиган кимлардир тургандек. Агар шундай бўлмаганда жамоатчиликнинг шунчалик фаол қаршилиги сабаб аллақачон бу ишлар тақиқланган бўлар эди.
Бу ўйинларни тақиқлаш бизни ҳуқуқ-тартибот органлари учун муаммо эмас деб ўйлайман.
Кимнидир ётоғида, кимнидир шахсий ёзишмаларида, кимнидир уйида яқинларига «Муаллими Соний» ўргатаётганида кузата олган мутахассислар учун онлайн қимор платформаларини топиш, таъқиқлаш ва беркитиб юбориш ҳеч қандай муаммо туғдирмайди деб ўйлайман.
Юқоридаги ҳолатлар Республика бўйлаб кунига бир неча ўнлаб содир бўлмоқда.
Бу ҳодисаларда албатта бу ўйинларни тақиқлаш ўрнига фаолиятларига рухсат берган амалдорларнинг ҳам ҳиссаси бор.
Ким нима ниятда шу ўйинларни фаолиятига рухсат берган бўлса, Аллоҳ шунга яраша жазосини берсин.
Фойда ёки манфаат учун рухсат берганларнинг оилаларида ҳам шу мусибат бўлсинки, қолганларнинг ҳолатини ҳис қилишсин.
Умид қиламанки, онлайн қимор ўйинлари фаолиятига берилган рухсат қайта кўриб чиқилиб, бекор қилинади.
Шу ўлим бу сабаб билан охиргиси бўлади.
Хурматли ота-оналар фарзандларингизни, айниқса, ўсмир ёшдагиларининг ҳаракатларини эътибордан четда қолдирманг. Кимлар билан қандай олди-берди қилаётганини назорат қилиб боринг.
Бу ҳолат маҳаллий ҳокимият учун ҳам яхшигина сигнал бўлиши керак. Шаҳар тўла онлайн қимор ўйинлари учун тўлов қилиб бериш реклама баннерлари ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари бу ҳолатни қиморга тарғиб сифатида таснифлаб қонуний чора кўришлари керак.