Молия вазирлиги “Фуқаролар учун бюджет 2022” лойиҳасини тақдим этди. Унда Ўзбекистондаги 10 та энг йирик солиқ тўловчи келтирилган.
Қайд этилишича, бюджет даромадлари кўп жиҳатдан йирик солиқ тўловчи корхоналар иқтисодий ҳолатига боғлиқ бўлади. Қуйидаги компаниялар 2022 йилда давлат бюджети тушумларининг 36,4 фоизини таъминлаши кутилмоқда:
“Навоий кон-металлургия комбинати” — 17,82 фоиз;
“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” — 9,4 фоиз;
“Ўзтрансгаз”— 1,89 фоиз;
“Ўзбекнефтгаз” — 1,7 фоиз;
Узбат — 1,5;
“Ҳудудгазтаъминот” — 1,26 фоиз:
Uz-Kor Gas Chemical — 0,78 фоиз;
“Ўзбекистон металлургия комбинати” — 0,76 фоиз;
UzAuto Motors — 0,73 фоиз;
“Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” — 0,6 фоиз.
Spot’нинг қайд этишича, аввалги йил билан солиштирганда йирик солиқ тўловчиларнинг солиқ тушумларидаги улуши камайди. Таққослаш учун, 2020 йилда 10 та энг йирик солиқ тўловчи 2021 йилги давлат бюджети тушумларининг 47,3 фоизини таъминлаши прогноз қилинган.
Аксарият компаниялар улуши ҳам камайган. Хусусан, “Навоий кон-металлургия комбинати” улуши 2,28 фоизга, “Ўзбекнефтгаз”ники уч баравар, UzAuto Motors’ники икки баравар камайган. Йирик солиқ тўловчи топ-10 талигидан “Лукойл”, “Ўзбекэнерго”, Beeline ва Ucell ўрин олмаган.
Бошқа томондан, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”, “Ўзбекистон металлургия комбинати” ва Uz-Kor Gas Chemical улуши ортган. Шунингдек, рўйхатда ўтган йили ҳатто энг йирик 20 та солиқ тўловчилар қаторидан ўрин олмаган “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” жой олди.