Абдуғани Сангиновга 200 метр баландликдаги тўғон ишониб топширилди

Абдуғани Сангинов 799,6 млн. долларга тенг инвестицияни ўзлаштирилиши режалаштирилган Пскем ГЭСини қурмоқда. Бугун ОАВ вакиллари ҳамда чет эллик ҳамкорлар иштирокида ГЭСнинг биринчи тўғонини тўсиш ишларига старт берилди. Бу ҳақда Ogoh.uzнинг Тошкент вилоятидаги манбаси маълум қилди.

ОАВ вакиллари кўз ўнгида олдиндан тайёрлаб қўйилган техникалар тўғонни тўсиш ишларини бошлаб юборган.

Сангинов журналистлар билан мулоқот пайтида қайта қайта иншоот қурилиши биргина инсонга боғлиқ эмаслигини, ҳар бир босқичдан масъул кишилар ўз ишини сидқидилдан бажарсагина кўзланган натижага эришиш мумкинлигини таъкидлаган.

Тўғри, “Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади” деганларидек, бир панд еган одам иккинчи марта ишга киришар экан кўнгли ҳадек тортиши табиий. Ажратилган пуллар талон-тарож бўлиб кетмаса, халқим деб кўкрагини кериб турганлар ХАЛҚУМни ўйламаса натижага эришиш мумкин. Зеро биз учун Сардоба бир дарс ўлароқ хизмат қилиши керак.


2017-йил Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи оқиб ўтган ҳудудда қурилган, сув сиғими 930 миллион м³, баландлиги 28,8 м Сардоба сув омбори фалокати бу яқин йиллар аҳоли хотирасидан ўчмаса керак?

Сардоба сув омборининг қиймати 1,3 триллион сўм (404 миллион АҚШ доллари)ни ташкил этди. Сув омборининг қурилиши 2010-йил бошланиб, 2017-йил якунланди. Уни қуришдан мақсад Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг унумдор ерларидан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ошириш бўлган. Сув омбори атрофида дам олиш ҳудуди ташкил этилиши кўзда тутилганди. Бироқ, орадан кўп ўтмасдан, 2020-йил 1-май куни омбор ўпирилиб, Ўзбекистоннинг Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманлари ва Қозоғистоннинг Пахтаорол туманидаги ўнлаб аҳоли пунктини сув босди.
Сардобани қайта қуриш ишларига давлат бюджетидан Сардоба сув омбори тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатида жабрланган аҳолини қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани тиклаш учун жами 1,5 триллион сўм қўшимча маблағ ажратиш белгиланди.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 129,7 миллиард сўм, шу жумладан, 65,5 миллиард сўм ичимлик сув иншооти ва тармоқлари реконструкциясига ва 64,2 миллиард сўм янги қурилаётган кўп квартирали уйларнинг ичимлик ва оқова сув иншооти ва тармоқлари қурилиши учун ажратилди.

Энди эса Тошкент вилоятининг Бўстонлик туманидаги “ДАЧА”ларнинг шундоққина тепасида 500 млн куб сиғимга эга тўғон барпо қилинмоқда.

Маълумот ўрнида Абдуғани Сангинов Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ 19 май куни «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятининг бошқарув раиси этиб тайинланган.