IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш осонлаштирилади

АКТни ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов яқин келажакда амалга оширилаётган лойиҳалар қаторида мобил телефон рақамларини кўчириш тизими лойиҳаси ҳам борлигини маълум қилди.

«IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини истеъмолчилар учун янада осонлаштириш йўлларини топиш ва фуқаролар хизматлардан осон ва қулай фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак», – дейди вазир.

IMEI мавзусида бунгача ҳам жуда кўп чиқишлар қилганман (1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 10, 11, 12). Яна бир бор бу мавзудаги позициямни билдирмоқчиман:

➖ «Йўқолсин, IMEI тизим!» деган кўр-кўрона чақириқларга қўшилмайман. Чунки, тан олишимиз керак, IMEI тизимининг фойдаси катта. Телефонларни қонуний рўйхатдан ўтказиш, бюджетга солиқ тушумининг бир неча ўн баравар ошишига ёрдам бермоқда;

➖ Аммо бу тизим технологик тўғри йўлга қўйилмаган ва бюрократик чекловлар ҳамда ноқулайликлардан иборат. Аслида тизим ўта содда ва қулай бўлиши, шунчаки рўйхатдан ўтказиш принципида ишлаши керак. Бундан ташқари ушбу тизим натижасида чегарадан ўтган фуқароларнинг шахсий маълумотларини (паспорт нусхалари) сотиш бизнеси бошланиб кетди ва ҳалигача давом этмоқда. Бунга қарши бирор жиддий чора кўрилмади;

➖ Ва энг асосийси бу тизим текин бўлиши керак. Солиқчилар, чегарачилар, божхоначилар ва бошқа масъул ташкилотлар ўз ишини етарли даражада бажармаётгани учун халққа «Телефон cолиғи» солиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Чунки IMEI тизими шундоқ ҳам бюджетга бир неча юз миллиард фойда олиб келяпти ва яна худди шунақа юз миллиард пул халқдан йиғиб олинмоқда. Сал инсоф бўлиши керак-ку.

Энг қизиғи [кўзбўямачилик учун очилган] «Менинг фикрим» порталига IMEI тизими тўловини бекор қилиш ҳақида петиция қолдирилган ва 25 мингга яқин овоз олган бўлса ҳам, лекин амалда ҳеч нарса ўзгармади.

Айрим депутатларимиз бу пулни оқлаб, «тўлов тадбиркорлардан олиняпти, халқдан эмас» деган кулгили мақолалар ёзиб юрган бўлса ҳам, лекин халқ аҳмоқ эмас. Телефон учун қўшимча харажат қилган тадбиркор бу харажатни харидорлар гарданига юклайди ва охир-оқибат барибир халқ тўлайди бу пулни. Бу оддий ҳақиқатга кўпчиликнинг ақли етади.

P.S.: албатта янги вазир тўловни бекор қилиш ёки камайтиришни ўйламаслиги ва бунга ҳаракат ҳам қилмаслиги мумкин. Чунки тайёр келиб турган юз миллиардлаб пул ҳаммага керак. Лекин барибир бу «солиқ» адолатсизлик. Фикрим шу.

Худшудбек Худойбердиев