“Хўжам кўрсин” кампаниябозлигидан қачон қутуламиз?


Куни кеча ижтимоий тармоқларда “Ҳурматли соҳа раҳбарлари, эртага 25.11.2021. куни Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Мадаминович вертолётда сектор раҳбарлари билан бирга учади. Шу муносабат билан ҳамма муассаса ва ташкилотларда “Яшил макон” лойиҳаси бўйича дарахтлар кўчатлари экилиши керак. Ҳамма ҳаракатда бўлсин. Ҳозирдан кўчатларни тайёрланг. Бу шахсан ҳоким топшириғи” дея ёзилган хабар тарқалди.


Олий мақомдаги раҳбарга “мана ҳамма ишлаб юрибди”, деб кўрсатиб “ачко” ишламоқчи бўлганлардан бири бу. Шу кунларда ўзи ҳамма дарахт экиб, расмини жойлаш билан банд бўлиб қолди. Кимлар эккан дарахтни бир учини ушлаб расмга тушмаган амалдор қолмади ҳисоб.

Шу ва шунга ўхшаш ҳолатлар доимий равишда такрорланиб келмоқда. Бундай кўзбўямачиликлар билан аслида раҳбарларни эмас, балки ўзимизни алдаётганимизни қачон тушуниб етамиз? Жамият ривожланиши ҳамда юрт тараққиёти учун хизмат қилишни бундай ниқоб билан кўрсатиш учун одам виждонини йўқотган бўлиши керак. Наҳотки амал курсисида ўтирган юқоридагидек буйруқларни киприк қоқмасдан буюраётган амалдорларда виждон ҳисси бўлмаса? Ахир ўз вазифасини суистеъмол қилиш эмасми бу? Бу қилинаётган ишлар бир кунлик эмас, бир умрга татийдиган бўлиши лозим. Бунинг учун эса, шоша-пиша раҳбар келишидан олдин унинг кўзи тушадиган жойларни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш эмас, маълум бир режа ҳамда дастурлар асосида пишиқ, пухта ишлаш талаб этилади.


Куни кеча Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент давлат техника университетининг 54-талабалар турар жойини бориб кўргани ҳақида бонг урилди.

Айрим веб-сайтлар “кутилмаган меҳмон” сарлавҳаси остида ушбу хабарни эълон қилишди. Ваҳолангки суратлардан “кутилмаган меҳмон”нинг аслида қандай кутилгани маълум эди. Талабалар ётоқхонасида янги қозонлар, чойнаклар ва ҳамма нарса янгиланган. Ташриф учун пухта тайёргарлик кўрилганлигини сезиш қийин эмас.

Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон газетасига берган интервюсида ҳам бу каби кўзбўямачилик ҳолатлари ҳамон барҳам топмаётганига тўхталиб ўтган эди. Бироқ ҳамон бу каби ҳолатлар такрорланмоқда.
“Афсуски, неча бор айтишим, огоҳлантиришимга қарамасдан, жойларда фақат менинг ташрифим олдидан кўча ва майдонларни тозалаш, бир кечада бинолар олдида “Майсазор” ва “Гулзор” лар пайдо қилиш, умуман, ҳақиқий ҳолатни бўяб кўрсатишдек хўжакўрсин ишлар давом этмоқда. Кўзбўямачилик, одамларни қийнаш, сохта ва баландпарвоз гапларга ўчлик йиллар давомида баъзи раҳбарларнинг қон-қонига шу қадар сингиб кетган эканки, улардан қутулиш қийин бўляпди”, — дея таъкидлаганди Президент.

Шунингдек, мисол тариқасида яна бир қанча фактларни тилга олиб ўтишимиз мумкин. Жумладан, ғалла мавсумида катта трассалар ёқасидаги буғдойлар энг охирида ўрилади. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз? Буғдойлар пишиб, ерга тўкилиб кетаётган бўлишига қарамай улар охирида ўрилади. Бу эса йўлдан ўтган раҳбарлар учун кўргазма вазифасини ўтайди. Режани бажаролмаса, буғдой пишиб, тўкилса ҳам майли, фақат амалдорнинг обрўси тўкилмаса, бошқалар унга “Баракалла” деб қарсак чалса бўлди.

Бизда амал курсисини сақлаб қолиш ниятида бўлган амалдор борки, тепадан келаётган раҳбарни кўзини шамғалат қилишга, “фаровон ҳаёт” театрини саҳналаштиришга уринади. Ташрифдан аввал кўчалар супирилади, янги асфалтлар ётқизилади. Дов-дарахт рангланади, ҳатто бир сафар Шаҳрисабзда ўт-ўланга қўшиб, арчаларга ҳам ранг сeпишгани ҳақиқат.

Сергели туманидаги бир неча ташрифлардан сўнг болалар майдончалари устида тўшалган сунъий ўтлар ҳам олиб кетилгани бир неча бор муҳокама бўлди. Ҳатто, Фарғонада президент боришидан кўчалар арча дарахти билан тўлиб кетгани ҳам кўпчиликнинг ёдида бўлса керак.


Бундай аҳмоқона ишларнинг ҳеч кети узилмаётгани, қайси соҳада бўлсада йўқ бўлиш ўрнига илдиз отиб бораётгани ачинарли ҳол. Ечим қаерда деган ҳақли савол туғилади. Ечим, шубҳасиз ўз ишини виждонан бажарувчи кадрларда. Қайси мутахасис шахсий манфаатларидан кўра умумнинг фойдасини устун деб билса, ўшанда бу муаммолар ўз ечимини топади. Қачонки таълим муассасаларига, хусусан, олий ўқув юртларининг талабалар ётоқхонасига бирор раҳбар ташриф буюргандагина пайдо бўлиб қоладиган “Қулай шарт-шароитлар” га якун ясалса, ўшандагина ёшларга ҳам ўрнак бўладиган раҳбарлар улар учун тарбия вазифасини ўтайди.

Қачонки ҳақиқат очиқ-ошкора кўрсатилмас экан, ташрифлар олдиндан режалаштирилмас экан ўзгариш бўлмайди. Бунинг учун айрим раҳбарларнинг онги, қарашлари тубдан ўзгариши шарт. Зеро айтганларидек “Аслинг каби кўрин ёки кўринганинг каби бўл!”.